Президентимизнинг ички туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қарори, Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи ҳамда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури асосида ушбу тизимда ишлаётган ўқитувчилар ва бошқа ходимлар учун юртимизнинг кўҳна шаҳарлари, тарихий-маданий обидалари, муқаддас қадамжолари ва сўлим табиатли гўшалари бўйлаб саёҳатлар уюштирилмоқда.
Бу хайрли ишга Нурота тумани касаба уюшмаси ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Натижада жорий йилнинг баҳор фаслида тумандаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, 6, 32, 50-умумтаълим мактаблари, “Баркамол авлод” маркази, 3, 6, 7, 19-давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 200 нафардан ортиқ ходимлари илм-маъриат ва маданият бешиклари саналган Бухоро, Самарқанд ва Тошкент каби шаҳарларда бўлиб, уларда мавжуд ноёб ёдгорликлар ва сўнгги пайтларда барпо этилган янги иншоотлар билан яқиндан танишдилар.
Шубҳасиз, бундай тадбирлар ички туризмни ривожлантиришдан ташқари, ҳамюртларимиз маънавиятини бойитишга, ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис биз халқ таълими соҳаси ходимларини рағбатлантиришга ва уларнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини қондиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган туман касаба уюшмаси масъулларига миннатдорчилик билдирамиз.
Б.СОБИРОВА,
Нурота туманидаги 1-ИДУМ директорининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари



