Айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан барча ҳудудларда “Биз – спортчи оиламиз!” шиори остида оилавий спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган танловнинг Наманган вилояти босқичида 15 та оила спортнинг 7 тури бўйича беллашишди.
Ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг оммавий спорт турлари билан шуғулланишларини таъминлаш, шу орқали соғломлаштириш ҳамда жамоа бўлиб ҳаракат қилишга ўргатиш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақада югуриш, тўпни нишонга отиш, тезлик ва эпчиллик эстафетасида моҳир бўлган жамоалар ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
Иштирокчилар “Энг чаққон оила”, “Ғалабага бўлган интилиши юксак оила”, “Энг аҳил оила”, “Энг фаол оила” каби бир қатор номинацияларга кўра тақдирланишди.
Якунда янгиқўрғонлик Муҳаммадзоҳид Шариповлар оиласи учинчи, норинлик Ҳалимжон Турсуновлар оиласи иккинчи, Наманган шаҳрилик Сергей Парагузовлар оиласи биринчи ўринларни қўлга киритишди.
Ғолиблар ташкилотчиларнинг кубок ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Орзугул РУСТАМОВА,
“ISHONCH”



