Инсон қадрини улуғлаб…

82

Президентнинг Халқ қабулхонаси ўтган йиллар мобайнида аҳоли муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди.

Хусусан, Президентнинг Самарқанд туманидаги Халқ қабулхонаси ҳам жамиятнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда аҳолига яқиндан кўмак бермоқда. Қабулхонага 2022 йилнинг 1 майига қадар жисмоний ва юридик шахслардан жами 385 та мурожаат келиб тушган. Ушбу масалаларнинг 296 таси тумандаги ташкилотларга ижро учун, 87 таси эса вилоят Халқ қабулхонаси орқали юқори ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилган. Мурожаатларнинг 299 таси қаноатлантирилган, шундан 199 таси ижобий ечим топган, 100 таси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилган, 23 та мурожаат буйича муаллифларга ёзма тушунтиришлар берилган, 1 таси рад этилган, 58 таси эса ҳозирча ўрганиш жараёнида.
Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, бола пулини ­тайинлаш, уй-жой, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш масалалари, электр энергия таъминоти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти юзасидан келиб тушмоқда.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳаёти ва қадри, ҳуқуқий манфаатлари ётганига алоҳида эътибор қаратган ҳолда масаланинг туб моҳиятига етиб бориш, тугал ва аниқ ечимини топиш учун туман ҳокимлиги қошида махсус штаб ташкил этилиб, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳамда коммунал ва бошқа соҳа мутасаддиларидан таркиб топган махсус ишчи гуруҳ шакллантирилган. Ҳудуд муаммоларини бартараф этишда Халқ депутатлари Самарқанд тумани кенгаши депутатлари ҳам жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Шу йилнинг 26 апрель куни аҳолидан келиб тушган мурожаат­ларга асосан Президентнинг Самарқанд туманидаги Халқ қабулхонаси туманнинг 1-сектор ҳудудидаги «Ўрта оҳалик» ва 3-сектор ҳудудидаги «Дўстлик» маҳаллаларида ўрганиш олиб бориб, «Ўрта оҳалик» маҳалласида жойлашган 18-умумий ўрта таълим мактабининг янги қурилган бино аҳволи, жиҳозлари ва ичимлик суви таъминотидаги айрим муаммолар ва маҳаллада жойлашган трансформаторни изоляция қилиш, атрофини чегаралаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Камчиликлар қисқа вақт ичида штаб ­аъзолари томонидан бартараф этилди.
Туманнинг «Дўстлик» маҳалласидаги ҚВП ҳолати ҳамда янги ўрнатилган аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш контейнерлари кўздан кечирилди, шифокорлар билан суҳбат ўтказилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди. Халқ қабулхонаси томонидан доимий равишда олиб борилган мониторинглар ҳамда туман аҳолисидан келиб тушган жамоавий мурожаатларга асосан сектор раҳбари бошчилигида «Ширинобод» («Наврўз», ­«Илонсой») ва 1-сектор ҳудудидаги «Янгижой» («Янгибоғ») маҳаллаларида ўрганишлар олиб борилди. Натижада «Ширинобод» маҳалласида жойлашган 19-умумий ўрта таълим мактаби филиали биноси, мактабга олиб борувчи йўллар, «Ширинобод» ва «Янгижой» маҳалла аҳолиси учун ўрнатилган кўчма тиббий хизмат кўрсатиш маркази, «Илонсой» маҳалласи ичимлик суви таъминоти, 38-мактабгача таълим ташкилотидаги камчиликлар, тунги ёриткичлар, хизмат кўрсатиш соҳасини ривож­лантиришдаги муаммолар аниқланган эди. Ушбу камчилик­лар қисқа муддатда бартараф этилди.
Халқ қабулхонаси Президентнинг 2019 йил 17 январдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ секторлар, маҳалла фаоллари, тумангаз, давлат хизматлари маркази ва халқ таълими ташкилотларида доимий равишда ўрганишлар олиб бормоқда.
Президентнинг Самарқанд туманидаги Халқ қабулхонаси мудири, туман сайлов комиссия­­си раиси ҳамда депутатлар томонидан фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказишда амалга ошириладиган долзарб вазифалар тўғрисида туман ҳокимлигида семинар ўтказилиб, тадбирни муносиб равишда ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди. Мазкур жараёнда туман аҳолиси ҳам давлат ва жамият тақдирига бефарқ бўлмасдан, фаол иштирок этиб келмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинига муносиб номзодларни сайлашда туманнинг барча МФЙ аҳолиси ўзларининг фаол фуқаролик позиция­ларини намоён қилмоқдалар. Буларнинг барчаси халқимизнинг онги, тафаккури, дунёқараши ўзгараётгани, халқ Президентимиз олиб бораётган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлаётганидан далолатдир.
Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил инсон қадрини улуғлаб, юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда.

Илҳом МУРОДОВ,
Президентнинг
Самарқанд туманидаги
Халқ қабулхонаси мудири