ёхуд берунийлик фермернинг додини ким эшитади?
Беруний туманида фаолият юритаётган «Fozilbek Kamalovich» фермер хўжалиги 20 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ортидан жиддий йўқотишлару муаммоларга учради. Қарийб ярим миллиард сўмлик давлат субсидияси ҳамда имтиёзли кредитлар ҳисобига харид қилинган лойиҳа бир ойга бормасдан барбод бўлди. Фермер эса пахта етказиб бериш бўйича кластер билан тузилган шартномасини бажара олмай, инқирозга юз тутди.
«Fozilbek Kamalovich» фермер хўжалиги раҳбари Маҳмуд Сапаровнинг таъкидлашича, яроқлилик муддати 5 йилга дея мўлжалланган томчилатиб суғориш технологияси фаолияти бир ойга ҳам бормади. Фермер ҳозирданоқ емаган сомсага пул тўламоқда. Яъни банк барбод бўлган лойиҳа учун олинган кредитни ундирмоқда. Устига устак, кластер олдидаги мажбурияти ҳам бор, ўтган йили ерида сув бўлмагандан кейин ҳосил ҳам нобуд бўлди, бунинг оқибатида қарийб 120 миллион сўмлик зарар кўрди.
Тежамкор ускунанинг қурилиши нега тежалди?
Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича туман ҳокимлиги мутасаддиларидан топшириқ бўлгач (топшириқ туман ҳокимлигидан келганини фермер М.Сапаровнинг ўзи тасдиқлади), «Fozilbek Kamalovich» фермер хўжалиги ҳам бошқа фермерлар қатори аввал амалиётда синаб кўрилмаган тизимни қўллашга рози бўлди. Қолаверса, янги технологияни жорий қилишга бош қотириб ўтирмайди, чунки туман ҳокимиятидагилар бу ишни ҳам «пишириб» қўйган экан: пудратчи – «Beruniy-Plastik-01» масъулияти чекланган жамияти барчасини ўзи ҳал қилиб берадиган бўлди ва ўрталарида 2021 йил 1 апрель куни шартнома тузилди. Лойиҳанинг жами қиймати 499 миллион 950 минг сўмга ёки 47 минг АҚШ долларига баҳоланди. Бир ой ичида 347 миллион сўм пудратчининг ҳисобрақамига ўтказилди. Шартномага кўра, пудратчи томчилатиб суғориш технологиясини 90 кун ичида тўлиқ ўрнатиб бериши керак эди.
Фермер аввалида туман ҳокимлиги тавсия қилганидан кейин пудратчидан гумон қилмайди. Лекин июнь ойи охирида тўлиқ тугалланиши шарт бўлган иш салкам бир ой, аниқроғи, 27 июлга қадар чўзилиб кетганидан сўнг тинчи бузилади. 20 гектар ер майдонининг фақат 10 гектарига томизгичли қувурлар тортилиб, қолган 10 гектар қисми эса қиста-қиста билан базўр август бошларида бажарилади.
Аммо тизим барбод бўлгани учун буюртмачи ва пудратчи ўртасида ишнинг бажарилгани тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат имзоланмайди.
Лой тиқилган қувур кўзлари
Фермернинг айтишича, пудратчи ўз қурилмаларининг яроқлилик сертификатларини тақдим этмаган, ҳовуздаги сувни эса тиндирмасдан далага ҳайдаган. Оқибатда томизгичларнинг кўзларига лой тиқилиб қолган.
Лойиҳа бўйича ўрнатилиши керак бўлган ускуналардан 74 миллион 635 минг сўмлик камомад аниқланди. Масалан, лойиҳа ҳужжатларида 20 гектар майдонга 240 километр томизгичли лента тортилиши зарур бўлса, амалда 134 километр тортилган, холос, 106 километр лента йўқ. Бунинг нархи эса 47 миллион 700 минг сўмни ташкил қилади. 800 метрлик қувур ётқизилиши керак бўлса, шунинг атиги 520 метригина бор ва ҳоказо. Баъзи қурилмалар керагидан ортиқ олиб келинган, бундан кўриниб турибдики, тизим лойиҳадагидек қурилмаган.
Сентябрь ойининг ўрталарида тизимнинг қандай ишлаётганини текшириш учун келган мутасаддилар аҳволни ўз кўзлари билан кўради. 10 гектарга тортилган томизгичли қувурларнинг ўзи ҳам нотўғри қурилган – бир ариқда қувур бор, иккинчисида йўқ, учинчисида яна мавжуд. Яъни, ўртада битта ариқ бўш қолиб кетяпти. Демак, у ариқда экилган пахталар сув ичмаслиги керакми, унда қандай ҳосил беради? Аммо, аввал таъкидланганидек, тизим умуман ишдан чиққан эди. Бу вақтга (2021 йилнинг сентябрь ойи) келиб, суғориш муддатлари аллақачон ўтиб бўлган, ғўза майдонига сув бериш кечиккани оқибатида ҳосилдорлик ҳам камайиб кетган эди.
Судга судралган даъво
Сув тежовчи технологияга ишониб, 18,4 тонна пахта ҳосилини кам бажарган фермер судга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Фермернинг «Мана, технология ишламаяпти, агар анъанавий тарзда ишлашни давом этганимда, пахта ҳосилидан камомад чиқмас эди, сув тежамкор тизимга ишониб, 120 миллион сўм зарар кўрмоқдаман, етказилган зарарни пудратчи – «Beruniy-Plastik-01» масъулияти чекланган жамиятидан ундириб беришни сўрайман» тарзидаги даъвоси ҳам қондирилмади. Боиси, тақдим этилган ҳужжатлар жавобгар (Пудратчи «Beruniy-Plastik-01» масъулияти чекланган жамияти)дан пулни ундириб бериш учун етарли эмас деб топилди.
Жавобгар ҳам судга 10 гектар майдонга фермер томонидан сув очиб юборилгани боис ўз вақтида суғориш қурилмаларини қура олмаганини, лекин кеч қолиб бўлса ҳам, ишни бажарганини важ қилиб кўрсатди.
Шундай қилиб, фермер даъвоси қаноатлантирилмади. Аммо унинг зарар кўргани, сув тежамкор суғориш қурилмаларининг сифатсиз қурилгани оқибатида тизим умуман ишламаётгани аниқ. У энди додини кимга айтсин?
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»



