Олимларни тарбиялаган устоз

341

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Алишер Навоий.

 

Ҳазрат Мир Алишер Навоийдан келтирилган бу мисралардаги сўзларда ҳеч муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари чексиз ва беқиёс. Дунё уларнинг меҳнатлари эвазига кўркам ва ободдир. Уларнинг қалблари таратган зиё нури туфайли инсонларнинг маънавий дунёси ёруғ ва равшан. Бинобарин, биз устозларни  қанча кўп улуғласак, эъзозласак, шунча оз. Инсон ким бўлишидан, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар устозга муҳтож.

        Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадрият­ларимиздан ҳисобланиб, бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади.  Тошкент давлат транспорт университетида ҳам 800 нафарга яқин устозлар 20 минг нафар талабаларга таълим бериб, касб сирларини ўргатиб келишмоқда.

Улар орасида 50 нафардан ортиқ фан докторлари, 200 нафарга яқин фан номзодлари, ва 550 нафар катта ўқитувчи ва ассистентлар бор. Кўп йиллардан буён университетимизда ўз илмий мактабини яратиб, талабаларга соҳанинг пасту баландликларини маҳорат билан ўргатиб келаётган устоз Абдулхақ Холиқов фаолият юритиб келадилар. Устоз 1948 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1972 йилда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетини тамомлаган.

2000 йилдан ҳозирги кунгача Тошкент давлат транспорт университети (аввалги Тошкент темир йўл муҳандислари институти)да фаолият юритиб келмоқда. У киши 1995 йилда  «Частота-фазали кўп турғунли элементар асосидаги ўзгартиргич қурилмалар» мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Домла А. Холиқов 2016 йилда юртимизда ўтказилган «Олий таълим муассасининг энг яхши педагоги» танловининг  Республика босқичида «Мутахассислик бўйича энг яхши педагог» номинацияси ғолиби бўлган. 2021 йилда Қозоғистон республикасининг Нурсултон шаҳрида Ҳамдўстлик мамлакатлариаро ўтказилган “Энг яхши педагог” кўрик танловида ҳам  1-ўрин совриндори бўлиб,  медаль билан тақдирланган.

2005 йил 14 декабрдан  бошлаб «Халқаро Алоқа Академияси» академиклигига қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси 2011 йил устозга  «Электр алоқа ва радио»  йўналиши  бўйича профессорлик унвонини берди.

2014 йилдан, эътиборан эса устоз  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация коммисиясида Техника йўналиши бўйича эксперт кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда.

А. Холиқов ҳозирги кунда бир қатор илмий нашрларнинг таҳририят кенгаши аъзоси. Масалан, Тошкент давлат транспорт университетининг  «АХБОРОТИ», Тошкент ахборот технологиялари университетининг “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” номли журналлари шулар жумласидандир. Бундан ташқари, устоз  «Научный вестник»,  «Вестник технических наук», «Научный альманах», «Наука и современность» каби халқаро нашрларнинг ҳам таҳририят кенгаши аъзоси саналади.

Абдулхақ Холиқов 470 дан ортиқ илмий ва илмий-услубий ишлар муаллифидир. Жумладан, 52 та хорижий журналларда илмий мақолалари чоп этилган бўлса, 3та дарслик, 9 та монография, 32 та ўқув қўлланма тайёрлаган. Уларнинг 10 таси Олий таълим грифтига эга бўлган  ўқув қўлланмалардир. 100 та ўқув-услубий ишлар, 8 та муаллифлик гувоҳномаси ва  9 та патент муаллифи.

Унинг раҳбарлигида, «Алоқа тизимлари ва тармоқларига хизмат кўрсатиш ва улардан техник фойдаланиш» ҳамда «Ахборот узатиш қурилмалари ва тизимлари» мутахассисликлари бўйича 30та магистирлик диссертация ишлари ҳимоя қилинган.

2010-2012 йилларда А. Холиқов илмий раҳбарлигида 3та аспирант номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб,  уларнинг илмий иши Олий аттестация комиссиясининг тасдиғини олди.

2016-2019 йиллар мобайнида эса А. Холиқов раҳбарлигидаги 6 нафар  докторантлар фалсафа фанлари доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилдилар.

Шунингдек, устоз  2 та техника фанлари доктори (DSс) диссертация ишига илмий маслаҳатчи бўлиб, шогирдлари Ровшан Алиев ва Жонибек Қурбоновларнинг илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилишларида  билим ва тажрибалари билан яқиндан ёрдам бердилар. Шу билан бирга жонкуяр олим жами 13 нафар илмий даражали мутахассис кадрларга раҳбарлик қилиб, уларнинг ҳаётида ёрқин из қолдирди.

Ҳозирги кунда ҳам домла  докторант шогирдларидан бири  Аслиддин Хуррамовнинг  диссертация ишига илмий раҳбарлик қилиб, 2023 йилга режалаштирилган ҳимоя ишига тайёргарлик кўрмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, устоз ва мураббийларнинг жамият тараққиётидаги меҳнатлари беқиёсдир. Уларнинг меҳнатлари натижасидан баҳраманд бўлган  шогирдларга улар қилган дуолар вожиб бўлаверсин.

 

Мироншох ОРТИҚОВ,

Тошкент давлат транспорт университетининг

“Радиоэлектрон қурилмалари ва тизимлари”

кафедрасини в.б.доценти, техника фанлари

 бўйича фалсафа доктори (PhD)