Озарбайжон ёзувчиси Aнорнинг ўзбек тилида чоп этилган китоби тақдимоти бўлиб ўтди

127

        Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Озарбайжон Халқ ёзувчиси Aнорнинг Тошкентдаги «Тамаддун» нашриётида ўзбек тилида чоп этилган «Биз албатта учрашамиз» номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

350 бетлик китоб аслиятдан ўзбек тилига таниқли журналист ва таржимон, “Гулистон” журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов томонидан таржима қилинган. Таржимон китобга кенг ва лўнда «Сўзбоши» ёзган.

Тадбирда Ўзбекистон фан, маданият ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ва Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик жамияти раҳбарияти, адабиётшунослар, талабалар иштирок этди.

Тақдимотни очар экан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Сайид Озарбайжон-Ўзбек адабий алоқалари тўғрисида сўз очиб, замонавий Озарбайжон адабиётининг машҳур вакили Aнорнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида, унинг асарлари собиқ СССР даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам, Ўзбекистон китобхонлари томонидан меҳр билан ўқилгани ва унинг асарлари Тошкентда қайта-қайта нашр этилганини таъкидлади.

Сирожиддин Сайид Озарбайжон адабиёти Ўзбекистонда доимо катта қизиқиш уйғотганини, Буюк шоирларимиз Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий ва Aлишер Навоий, Ғафур Ғулом ва Самад Вурғун, шунингдек, бир қанча шоир ва ёзувчиларимиз ўртасида доимий дўстона ва адабий алоқалар мавжудлигини таъкидлади.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Aббасов икки мамлакат ўртасидаги адабий алоқалар ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига Озарбайжон адабиётига бўлган бу эътибор, адабиётимизнинг таниқли вакили асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш лойиҳаси учун миннатдорлик билдирди.

Дипломатнинг таъкидлашича, халқ ёзувчиси Aнор замонавий Озарбайжон адабиётининг таниқли вакили бўлиб, адабиётда пайдо бўлган дастлабки кунлардан бошлаб ўз асарлари билан китобхонлар қалбидан жой олган ва адабиётимиз тарихида алоҳида, муҳим мавқега эга.

Aнорнинг Озарбайжон адабиёти тараққиётидаги алоҳида хизматлари, турли адабий услубларда яратган асарлари ва драматургия соҳасидаги фаолиятини таъкидлаб, унинг асарлари нафақат Озарбайжонда, балки дунёнинг турли мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам севилишини таъкидлади. Самир Aббасов ёзувчи, сценарий муаллифи, режиссёр сифатида Aнорнинг миллий киномизга олиб келган янги мавзулари, образлари ҳақида гапириб, ёзувчининг Ўзбекистонга сафари, ўзбек адабиётига таъсири ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жаббор Aнорнинг ижоди ҳақида гапириб, унинг асарларини таҳлил қилди. Унинг таъкидлашича, Aнор зиёли оилада туғилган, отаси Расул Рза ва онаси Нигор Рафибейли Озарбайжондан ташқарида, жумладан Ўзбекистонда ҳам таниқли шоирлар бўлган.

Ўзбекистон-Озарбойжон Дўстлик жамияти аъзоси, доцент Гулбаҳор Aшурова, ўзбек тилидаги «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Aҳмаджон Мелибоев, филология фанлари номзоди Олимжон Давлатов ва бошқалар Aнорни истеъдодли ёзувчи сифатида таърифладилар.

Хулоса қилиб айтганда, таржимон Маматқул Ҳазратқулов Озарбайжон адабиётини жуда яхши кўришини, бошқа бир қатор ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилганини ва келажакда бой адабий анъаналарга эга Озарбайжон адабиётини таржима қилишда давом этишини таъкидлади.

Охирида таржимон ўзбек тилида нашр этилган «Биз албатта учрашамиз» китобига имзо чекди ва уни ўқувчиларга тақдим этди. Шуни таъкидлаш керакки, китобда ёзувчи Aнорнинг «Дантенинг юбилейи» ва «Оқ Қўчқор, қора Қўчқор» романлари, «Грузин фамилияси», «Эски йилнинг сўнгги кечаси», «Ишонч», «Занжир», «Қўл қўлни ювар», » Бир стакан сув» ва бошқа ҳикоялари жамланган.

Зебо НАМОЗОВА