“Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи иштирокчилари Ўзбек миллий академик театрида “Жалолиддин Мангуберди” спектаклини томоша қилишди.
Драматург, ёзувчи Назар Эшонқул пьесаси асосида режиссёр Aсқар Холмўминов саҳналаштирган спектаклда Ватан озодлиги йўлидаги мардонавор кураш, буюк аждодимиз сиймоси, ўша давр муҳити яққол очиб берилган.
“Жалолиддин Мангуберди” асарининг бош ғояси миллий қаҳрамон даражасига кўтарилган буюк саркарданинг ҳаёт йўлини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатишдан иборат.
Жалолиддин Мангуберди йигирма икки ёшидан умрининг охирига қадар мўғулларга қарши 14 маротаба жанг қилиб, уларнинг 11 тасида ғалаба қозонган. Мўғул қўшинларини мағлуб қилган тарихдаги биринчи саркарда сифатида қайд этилган. Унинг жанг усуллари, ҳарбий стратегик тактикаларини хориж саркардалари ҳам ўзлаштирган.
– Ўзим пойтахтда яшасам-да театрга биринчи марта тушишим, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси академик лицейи ўқувчиси Муслима Муродова. – Очиғи, драма менда катта таассурот қолдирди. Жалолиддин Мангуберди ҳақида тарихий китобларда кўп ўқиганман. Аммо ўша давр муҳитини, Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонликларини бугунги спектаклдагидек тўлиқ англамаган эдим. Спектаклдан қаттиқ таъсирландим. Иншолар танлови доирасида бизга шундай кўтаринки кайфият улашаётган мутасаддиларга ташаккур.
Буюк аждодимиз жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур спектакль ёшларда ўзининг ақл-заковати билан тарихда ўчмас из қолдирган Жалолиддин Мангуберди ҳақида кенгроқ маълумот олиш имконини берди. Қолаверса, бу уларнинг ёзажак иншолари учун ҳам янги илҳом манбаси бўлажак.



