Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда маълумот берилишича, Давлат дастурида сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, ҳудудларнинг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тизими ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш доирасида республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шунингдек, 32 та йирик шаҳар ва 155 та туман марказида оқова сув тизимларини янгилаш, сув таъминоти қувурларидаги сув сирқиш нуқталарини сунъий йўлдош технологияси орқали масофадан зондлаб аниқлаш ва таъмирлашга замонавий технологияларни жорий этиш, Тошкент шаҳрида оқова сувларни тозалаш тизимини шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқариб, давлат-хусусий шериклик асосида янги иншоотлар барпо этиш кўзда тутилган.
Мазкур вазифаларнинг ижроси доирасида жорий йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш мақсадида жами 351 та объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 1 триллион 444,8 миллиард сўм маблағ ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 минг 262 км. ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 261 та ичимлик ва оқова сув иншоотини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи ўринбосари Султонхўжа Дадабоевнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 624,9 миллиард сўм молиялаштирилган. Ҳозиргача 650,4 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 866,5 км. ичимлик ва 44,1 км. оқова сув тармоқлари, 89 та иншоотда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилган.
Ҳозирда республика бўйича 1 минг 500 дан ортиқ маҳалла марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. 3 мингдан ортиқ маҳалла ичимлик суви билан қисман таъминланган.
Тасдиқланган ҳужжатларга асосан мамлакатимизда 2026 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилиши белгиланган.
Сабина ОТАМУРОДОВА,
ЎзДЖТУ талабаси



