Тараққиёт стратегиясида сув захираларидан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида ичимлик суви таъминотида ва оқова сув хизматларини кўрсатишда бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш ва уларнинг профессионал савиясини ошириш кўзда тутилган.
Шу мақсадда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг февраль-март ойларида ҳудудлар кесимида иқтисод, эксплуатация, техника хавфсизлиги бўйича 292 нафар мутахассиснинг малакасини ошириш мақсадида ўқув семинар ва амалий машғулотлар ташкил этилган.
Йил охиригача барча ҳудудий сув таъминоти ташкилотларининг яна 2 000 нафар ходимини ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, март-апрель ойларида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзсувтаъминот” АЖ тассаруфидаги ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг 32 нафар раҳбар ва ходими учун ўқув курслари ўтказилиб, тингловчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Бундан ташқари, айни пайтда Корея Республикасининг “K-Water” корпорацияси билан сув таъминоти ходимларини ўқитиш, уларда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, жаҳоннинг энг яхши тажрибалари билан таништириш мақсадида мамлакатимизда махсус ўқув муассасасини ташкил этиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Анжуманда мутасаддилар журналистларнинг барча саволларига батафсил жавоб беришди.
Фарида ТЕМИРОВА,
ЎзДЖТУ талабаси



