Сув таъминоти тизимини трансформация қилиш жараёнида соҳага давлат-хусусий шериклик тамойили кириб келмоқда.
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари маълум қилишди.
Анжуманда қайд этилишича, шу йил март ойида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш” лойиҳаси бўйича тендер ғолиби – “Metito Utilities Limited” компанияси ўртасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган.
Бу давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган илк лойиҳа ҳисобланади.
Шунингдек, яқинда “Ўзсувтаминот” АЖ ва Осиё тараққиёт банки ўртасида Тошкент шаҳрида оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳаси юзасидан маслаҳат хизматини кўрсатиш бўйича битим имзоланди.
Рашида НОРБОЕВА,
ЎзДЖТУ талабаси



