“Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи иштирокчилари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳақида
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Дастурга биноан бугун иштирокчилар “Янги Ўзбекистон” боғи ва “Ғалаба” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришди.
Саёҳат мобайнида талабалар “Истиқлол” мономенти ва “Мотамсаро она» ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.
– “Янги Ўзбекистон” ва “Ғалаба” боғига анчадан буён келишни, бу ердаги гўзалликни кўришни ният қилган эдим, – дейди Андижон вилоятидаги Саид Муҳиддин Маҳдум ўрта-махсус ислом билим юрти 2-босқич талабаси Абдулвосил Абдусатторов. – Иншолар танлови баҳонасида ушбу режам амалга ошди. Очиғи, иккила боғдаги шарт-шароит мен ойнаи жаҳонда кўрганимдан-да аъло экан. Бундай масканларга уюштирилаётган экскурциялар олимизда турган синовда жуда асқатади. Зотан, Ватан ҳақида ундаги мана шундай масканларни кўрмай, бу ердаги муҳитни қалбан ҳис қилмасдан таъсирли иншо ёзиб бўлмайди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, иштирокчилар кун давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази, Ҳазрати Имом мажмуаси, Ўзбекистон мусулмонлар идорасига ҳам ташриф буюришади. Ташриф асносида бир қатор сиёсий ва диний арбоблар билан мулоқотлар уюштирилади.



