«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан 2022 йилда вилоятлар кесимида соҳани ривожлантириш учун ишлаб чиқилган дастурга кўра, умумий қиймати 1 триллион сўмлик 289 та лойиҳалар рўйхати шакллантирилган.
Бу ҳақида Миллий матбуот марказида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Тадбирда таъкидланишича, ўтган давр мобайнида тижорат банклари томонидан 126 та лойиҳага 284 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.
Бундан ташқари, жорий йилда 21 та таъминотчи корхона томонидан балиқ чавоқлари, ем маҳсулотлари ва зарур асбоб-ускуналар 10 мингта аҳоли хонадонларига етказилиб, кооперация усулида балиқ етиштириш тизими ташкил этилиши белгиланган.
Айни пайтда мазкур таъминотчилар томонидан 1500 дан ортиқ хонадонга балиқ етиштириш учун зарур бўлган маҳсулотлар етказилиб, уларда балиқ етиштириш ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, ҳудудларда фаолият юритаётган 19 та балиқчилик хўжалигига наслчилик хўжалиги мақоми берилган.
Маълумот учун таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида балиқчиликни ривожлантириш ва балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, ҳосилдорлиги паст бўлган 31 минг гектар сунъий сув ҳавзаларини босқичма-босқич интенсивлаштириш ва балиқ етиштириш ҳосилдорлигини 4-5 баробарга ошириш қайд этилган.
Шунингдек, балиқчилик кластерлари сонини 15 тага ошириш, 10 мингта аҳоли хонадонида кооперация усулида интенсив балиқ етиштиришни йўлга қўйиш, балиқ етиштирувчи корхоналар қувватини 2 баробарга ошириш ва йилига 6 минг тонна совуқ сувда (форель, осётр, лосось) балиқларини етиштириш белгиланган.
Қолаверса, қайта ишлаш корхоналари ва омихта ем корхоналар сонини 84 тага етказиш ҳамда балиқ етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш кўзда тутилган.
Азиза Актамова,
ЎзДЖТУ талабаси



