Узумини енг-у, фойдасини ҳам суриштиринг

102

Узумнинг шифобахш хусусиятлари жуда кўп. Жумладан, унда нурга қарши, антиоксидант, тонусни кўтарувчи ва бошқа хусусиятларга эга 300 яқин бирикма мавжуд. Кўпчилик учун таниш бўлган пектин моддалари ва органик кислоталардан ташқари, узум таркибида C, A, B1, B2, B5, B6, B9, E, PP, P витаминлари, калций, фосфор, магний, калий, темир, мис каби моддалар бор.

Узум билан даволаш – ампелотерапия, деб номланади. Узум организмдаги моддалар алмашинувини яхшилайди, сийдик ҳайдовчи юмшоқ ич сурувчи ва тер ҳайдовчи хусусиятга эга. Узум қамқонликда, нафас олиш йўллари шамоллашида, сурункали гепатитда, ошқозон-ичак трактидаги яллиғланиш касалликларида, инфаркт, инсульт каби касалликларнинг олдини олишда ажойиб профилактика воситадир. Бундан ташқари, узум буйрак фаолиятини яхшилаб, буйракда, пуфакда тош ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади. Узумнинг яна бир хусусияти ─ у гипертониклар учун ҳам, гипотониклар учун ҳам бирдай фойдали. Узум истеъмол қилинганида эритроцитлар сони ошиб, қондаги гемоглабин даражаси кўтарилади. Иликнинг қон ҳосил қилиш функцияси ортади, натижада организмдаги барча тўқималар ва тизимлар кислородни яхши ўзлаштира бошлайди. Узум меваси калий моддасига бой. Шу боис, у юрак учун жуда фойдали.

Бундай дейишга асос бор. Узумнинг узумнинг косметик хусусиятлари ҳам мавжуд. Узум мойининг таркибида ўрни босилмайдиган йодли кислоталар, косметология учун зарур бўлган – линол кислотаси бор. Шу боис, бундай ёғ терининг табиий ёшлигини узайтирган ҳолда шикастланган ҳужайраларни тикласа, фаол компонентлар терининг тонусини ошириб, унга эластиклик бағишлайди. Унинг намлантирувчи хусусияти юз терисининг сезиларли даражада яхшилаб, майда томирларнинг деворларини мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, узум таркибидаги шифобахш хусусиятлар инсон организмини яшартириш хусусиятига ҳам эга.

Узумнинг қайта ишлаш саноати учун катта хомашё манбаи эканлигини ҳаммамиз биламиз. Бунда асосан саноатбоп навлардан фойдаланилади. Бундан ташқари, узумдан шифога бой майиз ва шинни ҳам тайёрланадики, улар йил давомида дастурхонимизга файз бериб туради. Қадимги римликлар майизни юрак, жигар ва буйрак касалликлари учун ҳапдори сифатида ишлатишган экан. Юртимизда эса ушбу неъматлар доимо қадрланиб, дармондори сифатида ишлатиб келинган. Узумни қайта ишлаш, яъни қуритиш ва қайнатиш каби жараёнларда унинг таркибидаги фойдали моддалар хусусияти янада ошади.

Узумдан шифога бой мой ҳам олинади. Ушбу мой тромблар ҳосил бўлишига тўсқинлик қилиб, организмдаги моддалар алмашинувини яхшилайди. Узум мой иммунетитни оширади. Эрталаб бир ош қошиқда истеъмол қилинса, организмнинг бир кунлик Е витаминига бўлган талаби тўлади. Бу эса тўқималар тикланишини таъминлаб, кексайишнинг олдини олади.

Узумнинг фойдали ва шифобахш хусусиятлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Яхшиси, гапни қисқа қилиб, уни ўзимизда синаб кўрайлик. Ҳозир айни узум пишиғи бошланаётган пайт. Демак, мавсум давомида узумдан тўйиб тановвул қилишга ҳаракат қилинг. Яъни узумини енгу, фойдасини ҳам суриштиринг!

Шохиста Неъматова тайёрлади