«Ёддан чиққан» хат

46

Жасурбек Абдураҳмонов «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг Гулистон шаҳар электр таъминоти бўлимида 2018 йилдан буён ишлаб келаётган эди. Аммо иш берувчининг жорий йил 8 июндаги 35-сонли буйруғига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Ходимнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашига қилган арзи эътиборсиз қолдирилмади.
Ўрганишлар жараёнида Ж.Абдураҳмонов 2022 йил 16 май санасидан бош­лаб сабабсиз ишга келмагани важи билан 8 июнда Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 4-бандига асосан ишдан бўшатилгани ойдинлашди. Ваҳоланки, ходим 30 майдан то 25 июнгача ўқишда бўлишини асословчи ҳужжатни 2022 йил 1 июнда кадрлар бўлимига топширган. Негадир ушбу хат орадан олти кун ўтгач, яъни 7 июнда рўйхатга олинган.
Касаба уюшмаси ходимнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, иш берувчи номига тақдимнома киритди. Мурожаат қаноатлантирилди. Ноқонуний буйруқ бекор қилиниб, Ж.Абдураҳмоновга ўқиш таътили расмийлаштирилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»