Ўзбекистон – Европа Иттифоқи: ЎЗАРО ИШОНЧГА АСОСЛАНГАН ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИГА ҚАДАМ ҚЎЙИЛДИ

60

Ўзбекистон ташқи сиёсатида Европа Иттифоқи билан алоқалар алоҳида ўрин тутади. Эътиборлиси, сўнгги йилларда савдо-иқтисодий, инновацион, илмий-техник ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ўтган ҳафтада мамлакатимизнинг ЕИ билан муносабатларига оид бир қатор муҳим воқеалар кузатилдики, экспертларнинг фикрича, бу икки томонлама шерикликда янги давр бошланаётганидан дарак беради. Келинг, ана шу воқеалар мисолида Европа Иттифоқи билан алоқаларимизнинг айрим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтсак.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тайёрланишини якунига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
«Преференциялар бош тизими плюс» («GSP+») афзалликларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ушбу мулоқотдан икки кун ўтиб, яъни 6 июль куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ)ни дастлабки имзолаш маросими ўтказилди. Бу қарийб уч ярим йил давом этган музокаралар ва ҳужжатни маромига етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг муваффақиятли якунланганини анг­латади. Аниқроғи, КШҲТБ лойиҳаси бўйи­­ча жараён 2019 йилнинг февраль ойида бошланиб, 2022 йилнинг июнь ойида ниҳояланган бўлса, мана шу давр мобайнида 10 раунд музокаралар ҳамда 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди. Бунинг ортида жуда катта меҳнат турибди. Энг муҳими, бу ­Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг халқаро миқёсдаги яна бир ­эътирофи ва мамлакатимизда яратилган янги тизимга нисбатан катта ишонч ифодасидир. Яъни Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, янги битим Ўзбекистон ҳамда ЕИ ўртасида 1996 йилда имзоланган битим ўрнига ишлаб чиқилган бўлиб, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан муҳим босқичга кўтаришга қаратилган. Амалдаги битимда асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидалар назарда тутилган бўлса, янги ҳужжатда кенгроқ масалалар қамраб олинган. Булар савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалардир.
Ўз навбатида, янги битим Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини қамраб олгани боис инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилди. Қолаверса, КШҲТБ ташқи сиёсат, хавфсизлик, можароларнинг олдини олиш ва рискларни бошқариш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, бошпана бериш ва чегараларни бош­қариш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши курашиш каби соҳаларни ҳам назарда тутади. Бошқача айтганда, янги битим орқали Ўзбекис­тон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кенг кўламли савдо-иқтисодий алоқаларнинг тўлақонли механизми яратилади.
Хўш, Европа Иттифоқи билан муносабатларимизнинг бундай кўлами, хусусан, КШҲТБ Ўзбекистон учун қандай имкониятлар тақдим этади, бу аҳолига нима беради, деган саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Юқорида санаб ўтганимиздек, ушбу келишув билан Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида 20 дан зиёд йўналишларда ҳамкорлик мустаҳкамланади. Инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи ортади. Бу ишонч нафақат Европа Иттифоқидан, балки бошқа давлатлардан ҳам мамлакатимизга инвестиция оқими кучайишига туртки беради. Натижада ишлаб чиқариш ривожланади, янги иш ўринлари яратилади, оилаларнинг даромади ортади. Пировардида иқтисодий барқарорлик мустаҳкамланиб, аҳолининг турмуш тарзи янада яхшиланади.
Аслида мана шу ишончни қозониш осон кечгани йўқ. Чунки мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнати туфайли, биласиз, 2009 йилда халқаро Нодавлат нотижорат ташкилотлари коалицияси – «Cotton Campaign» ҳамда «Adidas», «Zara», «C&A», «Gap Inc.», «H&M», «Levi Strauss & Co.», «Tesco» ва «Walmart» каби 331 та машҳур бренд ва ритейлер компаниялари Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан бойкот эълон қилган эди. Натижада бу ишлаб чиқарувчиларимизга, умуман, Ўзбекистоннинг ташқи савдосига жуда катта салбий таъсир кўрсатди.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мажбурий меҳнатга барҳам бериш орқали халқаро ишончни қайтариш, Ўзбекистон имижини тиклаш, пировардида аҳоли манфаатларини таъминлашга жиддий эътибор қаратди. Юртбошимизнинг топшириқ ва кўрсатмалари асосида бу борада, биринчи навбатда, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, институционал базани ривож­лантириш, мониторинг ва тадқиқотлар олиб бориш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, 2019 – 2021 йиллар давомида ушбу йўналишда ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари ратификация қилинди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил қилинди, ушбу масалалар юзасидан Миллий маърузачи институти таъсис этилди. Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан айни йўналишда изчил ҳамкорлик йўлга ­қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг кучли сиёсий иродаси ҳамда мавжуд муаммоларга тизимли ёндашуви асосида кўрилган чоралар натижасида мамлакатимизда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди. Бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тан олиниб, ­эътироф этилди. Жумладан, шу йил март ойида Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилди. «Cotton Campaign» халқаро коалицияси Ўзбекистонни «қора рўйхати»дан чиқариб, ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан бойкотни бекор қилди. Бу тарихий воқеа бўлди. Юртбошимиз жорий йил 11 март куни саноат кооперация­­си ва маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видео­селектор йиғилишида «Cotton Campaign»нинг мазкур қарорига муносабат билдирар экан, «Бу ҳам катта имконият, янги бозорлар, дегани», дея таъкидлади.
Ўзбекистонга «Преференциялар бош тизими плюс» бенефициари мақоми берилиши ҳам бевосита ана шу ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. «GSP+» тизимининг муҳимлиги шундаки, у маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига қулай шартларда кириш имконини беради. Бу ерда гап қарийб 500 миллион аҳоли яшайдиган ҳудуд бозори ҳақида кетмоқда. Яъни мазкур тизим доирасида мамлакатимиз 6 минг 200 турдаги маҳсулотларни божсиз экспорт қилиши мумкин.
Ўзбекистон «GSP+» тизимига қўшилгач, Европага кимё саноати маҳсулотлари экспорти 6 баробарга ошган бўлса, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 90 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 65 фоизга ортди. Умуман, 2022 йилнинг дастлабки 5 ойида Ўзбекис­тон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айланмаси 22 фоизга, мамлакатимиздан Европа Иттифоқига экспорт ҳажми 86 фоизга ўсди.
Демак, «Преференциялар бош тизими плюс» бенефициари мақоми республикамизнинг Евроиттифоқ давлатлари билан ўзаро манфаатли савдо муносабатлари жадал суръатларда ривожланишига катта туртки бермоқда.
Шубҳа йўқки, Кенгайтирилган шерик­лик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига янада интеграциялашувига ёрдам беради, бозор иқтисодиёти механизмларини мус­таҳкамлайди, хорижий инвесторлар ва ишбилармон доираларнинг мамлакатга бўлган ишончи ва қизиқишини янада оширади, қолаверса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо соҳасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очади.

Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист