Шахмат олимпиадасида нафақат энг ёш, балки жамоавий ҳисобда ҳам бирон марта мағлубиятга учрамаган жамоа

5103

Халқимизнинг севимли шоири Эркин Воҳидовнинг таъбири бўйича одамлар икки тоифага бўлинади: шахмат ўйнайдиганлар ва ўйнамайдиганлар. Шу кунларда дунё миқёсида шахматни биладиганлар ҳам, билмайдиганлар ҳам бир нарсани билиб олишди – Ўзбекистон миллий жамоаси 44-жаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!

Шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган шахмат олимпиадасида биринчи ўринни эгаллади.

Шахмат олимпиадаси – Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)га аъзо мамлакатлар ўртасидаги жамоавий мусобақа бўлиб, у 1927 йилдан буён ўтказиб келинади. Ҳар бир жамоа таркибида тўрт нафар асосий ва бир нафар захира шахматчи бўлади.

Бунгача Ўзбекистоннинг нуфузли турнирдаги энг яхши натижаси узоқ 1992 йилда қўлга киритилганди – кумуш медаль.

Бу йилги шахмат олимпиадасида 186 та мамлакатдан 188 та жамоа иштирок этди. Ҳиндистон мезбон сифатида учта жамоа билан қатнашди. Албатта, 186 та мамлакат миллий жамоалари иштирокидаги нуфузли турнирда ғолиб бўлишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун зўрлардан зўр бўлиш керак.

Маълумки, шахмат олимпиадаси швейцарча тизимда ўтказилади. Яъни 2-турдан бошлаб, ҳар бир турда бир хил очко жамғарган жамоалар ўзаро ўйнайди. Шу сабабли ҳар бир турда деярли тенг кучли жамоалар тўқнаш келади. Бу дегани турдан турга ўйинлар шиддатли тус олиб, кучлилар сараланиб боради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йилги турнирда FIDE рейтингидаги энг яхши ўн нафар шахматчидан 5 нафари иштирок этди ва бу мусобақанинг даражаси, савияси юқорилигидан далолат беради. Масалан, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен Норвегия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Шунингдек, кучли ўнликка кирадиган шахматчилар Фабиано Каруана, Левон Аронян ва Уэсли Со АҚШ миллий жамоасида дона суришди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, юқори рейтинг ва кучли таркибга эга бўлган АҚШ, Ҳиндистон ва шунингдек, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен бошчилигидаги Норвегия терма жамоалари медалларга асосий даъвогарлардан эди. Бироқ, нуфузли мусобақада ёш бўйича энг ёш таркиб билан иштирок этган Ўзбекистон шахматчилари «кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни», деб дона суришди ва чемпион бўлишди.

Сўнгги турни шахмат мухлислари ҳавотир ва ҳаяжон билан кузатишди. Бизникилар доскада Нидерландия билан «жанг қилишди». Дастлабки учта тахтадаги баҳслар дуранг натижа билан якунланди. Бу вақтда Арманистон Испанияни, Ҳиндистон-2 эса Германияни мағлуб этиб, онлайн жадвалда Ўзбекистонни қувиб ўтганди. Бор умид ва илинж сўнгги тахтада дона сураётган Жаҳонгир Воҳидовда эди. У ишончни оқлади. У рақиби Макс Вармердамни мағлубиятни тан олишга мажбур қилди. 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонган Ўзбекистон миллий жамоаси илк бор шахмат олимпиадаси чемпиони бўлди. Тасанно!

Бугун бутун Ўзбекистон халқи ўзининг шахматчи ўғлонлари – Нодирбек Абдусатторов (энди 18 ёшга тўлади), Нодирбек Ёқуббоев (20 ёш), Жавоҳир Синдоров (17 ёш), Жаҳонгир Воҳидов (27 ёш) ва 20 ёшли Шамсиддин Воҳидов билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

Шахмат олимпиадасида жамоавий ҳисобда бирон марта ҳам мағлубиятга учрамаган Ўзбекистон миллий жамоасига шарафлар бўлсин! Раҳмат сизга йигитлар! Офарин!

Интернет ва ижтимоий тармоқларни кузатиб, шунга амин бўлдимки, Ўзбекистон ўғлонларининг улкан ютуғидан туркий тилли қардошларимиз ҳам беҳад хурсанд. Уларнинг дил сўзлари ва табрикларини ўқиб, ич-ичингдан севинасан.

Нима ҳам дердик, дунёни лол қолдирадиган, дунё тан берадиган ютуқлар янада кўпаяверсин!

Хулоса ўрнида бир гап: шу кунларда туғилган (ўғил) чақалоқларнинг кўпчилигига чемпионларнинг исми қўйилса, ҳеч ҳам ажабланарли жойи йўқ. (ҳаттоки, хорижликлар ҳам ўғилларига Нодирбек деб исм қўйишни ният қилишмоқда). Ахир ким ҳам, фарзанди оламшумул натижаларга эришиб, давлат раҳбаридан раҳмат эшитишини, юрт эгаси билан учрашиб, мулоқотда бўлишини истамайди.

Йигитлар, сизларга ва сизларнинг ота-оналарингизга бугун ҳамма ҳавас қиляпти.

Балли, раҳмат сизга, юртини улуғлаган ўғлонлар!

Алижон Абдураҳмонов,

ishonch.uz