Миллий матбуот марказида Ислом цивилизация марказининг шу йилнинг биринчи ярмида «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» давлат дастури ижроси борасида амалга оширилган ишлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон қўлёзмалар ҳажми бўйича дунёда Эрон ва Туркиядан сўнг учинчи ўринни эгаллайди. Юртимизда 500 мингга яқин қўлёзма мавжуд. Уларни сақлаш, тўплаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш улкан вазифадир. Чунки бунда аждодлар хотирасига ҳурмат ва эътибор мужассам.
— Республикамизда мавжуд тарихий нодир қўлёзмалар, тошбосма асарларнинг давлат реестрига киритилган дастлабки ҳужжати бугун қўлимизда. Бунга 1000 та тарихий асарлар ҳақида маълумотлар киритилган,- деди Марказ раҳбари Шоазим Миноваров.- Бу тарихий асарларимиз давлат муҳофазасига киритилганидан дарак беради.
Марказ кутубхонаси фонди йил сайин ошиб бормоқда. Яқинда Саудия Арабистони подшоҳлиги томонидан 60 мингта диний-маърифий китоб совға қилиниши кутубхона фондини янада бойитди.
Марказ қошида 9 бўлимдан иборат, 18 минг кв.м. майдонни эгалловчи, 1000 та экспонатли музей ҳам ташкил этилади. Унинг «Учинчи ренессанс – Янги Ўзбекистон» бўлимида юртимизда кенг миқёсда олиб борилаётган ислоҳотлар акс этади.
Шунингдек, марказ томонидан «Учинчи ренессанс – Янги Ўзбекистон» китоб-фотоальбомининг тўрт тилдаги нашри тайёрланмоқда.
«Алломалар мероси» ўқув марказида араб тили, ҳаттотлик, Қуръони каримни ўрганиш бўйича машғулотлар йўлга қўйилган. Мактаб ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, китоб кўргазмалар ҳам ташкил этилди.
Анжуман сўнггида марказ мутасаддилари ОАВ ходимларининг саволларига жавоб беришди.
Умида ХУДОБЕРГАНОВА,
“ISHONCH”



