Бугун Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан тадбиркорлик субьектлари учун жорий қилинаётган янги рақамли банк хизматларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банк раҳбарияти, тегишли таркибий бўлинмалар масъуллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Бугун банк тизимидаги трансформация жараёнларининг ҳар бир босқичида кенг кўламли рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бошқарув ва банк операцияларидан тортиб, хизмат кўрсатиш стандартлари ва маҳсулотларни яратишгача бўлган барча йўналишларда янги ташаббус ва ғоялар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Мижозларга банкдаги ўз ҳисоб-рақамларини 24/7 режимида бошқариш имконини берувчи “SQB Business” интернет банк хизматининг ишга туширилиши ана шундай ишлар натижасидир.
Матбуот анжуманида “SQB Business” дастури ҳақида жамоатчилик, хусусан, тадбиркорлар хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
– “Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида “мижозга йўналтирилган” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларнинг янги, янада манфаатли шаклларини юзага келтирмоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шохпур Гултўраев. – Бу ҳолат, айниқса, банк хизматларини рақамлаштиришда кўпроқ намоён бўлмоқда. “SQB Business” банкнинг барча тармоқларидаги мавжуд ҳисобрақамлар бўйича амалиётларни битта дастур орқали бажариш ва бошқариш имконини беради. Асосийси, “SQB Business”га уланиш ва хизмат кўрсатиш мутлақо бепул.
Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ масъулининг бундан бироз аввал www.rost24.uz да эълон қилинган амалдорлар ва депутатларнинг ўз пластик карталаридаги пулни банкоматдан 0 фоизда нақдлаштириши, ўқитувчи, шифокорлар ёки оддий деҳқонларга бундай имтиёз берилмагани ҳақидаги мавзудаги мақолага муносабатини сўрадик. Бошқарув раиси ўринбосари бу саволимизга қуйидагича жавоб берди:
–Мен бундай мавзу кўтарилганидан бехабар эканман. Аммо агар шундай бўлса, буни дискриминация деб атаган бўлардим. Чунки банк хизматлари оддий аҳоли учун ҳам, шифокор ёки ўқитувчига, шу билан бирга, депутат ёки амалдорга ҳам бир хилда хизмат кўрсатиши керак.
Бу борада, яъни, нега хорижда пулни нақдлаштириш фоизсиз экани, юртимизда эса бундан фоиз олиб қолиниши борасида қизиқиб, юртимиздаги иқтисодчи ва банкерлар, шу билан бирга, хорижлик мутахассислар билан ҳам суҳбатлашганман. Масалан, Буюк Британияда пулни банкоматдан бемалол фоизсиз нақдлаштириш мумкин. Бунинг сабаби – уларнинг иқтисодий қудрати шу даражага етиб келган ва банклар кунлик операциялар учун мижозлардан даромад олмайди. Қайтага, турли енгилликлар яратиб, ўз мижозларини кўпайтиришга интилади.
Юртимизда эса банкоматлар яқин 2017-2018 йилларда кириб келди. Илгари улар бўлган бўлса ҳам, кўргазмага турарди, ичида пули бўлмасди. Аста-секинлик билан банкоматлар “ўзини оқлашга” ўтяпти, яъни харажатларини қоплай бошлаяпти. Бугунги кунда банкоматлар анча кўпайиб қолди. Юртимизда банклар ўртасида ҳам рақобат кучайди. Менимча, яқин бир-икки йил ичида пулни нақдлаштириш борасида ҳам рақобат муҳити юзага келиб, бу нархга таъсир кўрсата бошлайди. Яъни 0,5-0,6 фоизга, бора-бора эса 0,3 фоизга ҳам нақдлаштиришга ўтилади. Мана, ҳозир картадан картага пул ўтказиш амалиётларида 0,5 фоиз ҳақ олиб қолиняпти. Эсингизда бўлса, илк бор шу хизмат истеъмолга жорий этилганида, 1 фоиз ҳақ ушлаб қолинарди.
Эслатиб ўтамиз, Шохпур Гултураев — “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан Буюк Британияда таълим олиб келган юртимизнинг банк соҳасидаги умидли ёшларидан бири. У айни пайтда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлайди.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”



