Паркент туманининг Заркент қишлоғида «Заркент бобо», «Қуш қўнмас авлиё» номлари билан машҳур бўлган зиёратгоҳ бор. Ерлик аҳолининг айтишича, масканнинг ўзига хос ноёб хусусиятлари мавжуд. Биринчиси, бу жойдаги дарахт ва буталарга булбулдан бошқа қуш қўнмайди. Иккинчиси, бу ердаги табиий булоқ суви шифобахш бўлиб, саломатлик учун ниҳоятда фойдали.
Чотқол тоғ ён бағрида жойлашган мазкур зиёратгоҳ ёнида яқинда «Заркент» санаторийси фаолият бошлади. Аҳамиятлиси шуки, бу ерда ҳордиқ чиқарувчилар ушбу булоқ сувидан ҳам баҳраманд бўлишади.
Санаторий юрак-қон томирлари, асаб тизими, юқори нафас йўллари ва бўғимлардаги касалликларни даволашга ихтисослашган. Ушбу маскан саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу маскан бир вақтнинг ўзида 150 нафар одамни қабул қилиш имкониятига эга. Замонавий услубда қурилган санаторийда дам олувчилар учун балчиқли даволаш, ванна, душ, туз ғори, озонотерапия каби тиббий муолажалар хизматлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, бассейн, спорт машғулотлари зали ва кутубхона дам олувчилар ихтиёрида.
– Санаторий денгиз сатҳидан 800 метр баландликда жойлашган бўлиб, ер тубидан цинк моддаси билан бойитилган сув чиқади. Бу эса инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим модда ҳисобланади, – дейди шифокор Гули Тўхтаева. – Бу ерга асосан асаб тизимида чарчоқлик кузатилган юртдошларимиз келишади. Хушманзара жой, ҳавонинг салқинлигидан баҳра олиб, замонавий тиббий муолажалар ёрдамида улар тез фурсатларда саломатлигини тиклаб олишмоқда. Дам олиш маскани фаолиятини бошлаганига икки ой бўлмасдан туриб, 1000 нафарга яқин киши ҳордиқ чиқаришга улгуришди.
– Касбим ўқитувчи, – дейди Шаҳноза Мелиқулова. – Бўка туманидан келдим, 40 йилдан бери ёш авлодга таълим бераман. Яқинда ушбу санаторий очилгани ҳақида эшитиб қолдим ва дам олиш учун оилавий келдик. Дам олиш асносида тиббий муолажалар олиб, булоқ сувидан ичдим, кутубхонадаги китоблар билан танишдим. Англадимки, одам ҳам жисман, ҳам руҳан озуқа олиб туриши зарур экан.
Тушлик вақтигача тиббий муолажаларни олиш билан банд бўлган дам олувчиларнинг аксарияти тушликдан кейин кутубхонада бўш вақтларини мазмунли ўтказишмоқда. Боиси бу ерда жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, буюк шоир ва ёзувчиларимизнинг китоблари мужассам.
Ҳақиқатан ҳам, кутубхонада 1000 дан ортиқ адабиёт мавжуд бўлиб, улар дам олувчилар томонидан қўлма-қўл ўқилмоқда.
– Касбим ҳисобчи, Олмалиқ шаҳридан келдим, – дейди Матлуба Жўраева. – Соғлиғимда анча ўзгаришлар бўлди, оёқ ва бўғимлардаги оғриқлардан қутулдим. Жуда хурсандман.
Ҳа, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги сиҳатгоҳлар юртимиз меҳнаткашларига ана шундай кайфият улашмоқда.
Муниса ТУРОБОВА



