Айтиш мумкинки, эсда қоларли воқеалар кўп бўлди. Анклав ҳудудда жойлашган Сўх туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 5 гектар майдонда замонавий типда бунёд этилган «Сўх» болалар соғломлаштириш оромгоҳининг фойдаланишга топширилиши ушбу ҳудуд болаларига Президентимизнинг ажойиб туҳфаси бўлди.
Ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 27 миллиард 560 миллион сўм маблағ йўналтирилди. 200 ўринга мўлжалланган мазкур оромгоҳда ёзги мавсумда 700 нафардан зиёд болажон мароқли ҳордиқ чиқаришди. Биринчи навбатда, янги оромгоҳда тумандаги кам таъминланган оилалар фарзандларининг 200 нафари бепул соғломлаштирилди.
Шунингдек, яна бир анклав ҳудуд ҳисобланган Шоҳимардон қишлоғида шу номда болалар оромгоҳининг очилиши маҳаллий аҳоли учун йилнинг энг қувончли воқеасига айланди. Аввалги номи «Ипакчи» бўлган мазкур оромгоҳ 1998 йилгача ишлаб, кейин буткул ёпилган эди. Орадан 24 йил ўтиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг хайрли ташаббуси билан ушбу оромгоҳ шоҳимардонлик ўғил-қизлар учун ўз эшикларини қайта очди. Чор атрофи пурвиқор тоғ билан ўралган сўлим оромгоҳда жорий мавсумда 3 навбатда Фарғона тумани, хусусан, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлари дам олдирилди. Вилоят ёшларидан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан қорақалпоғистонлик 300 нафар ўғил-қиз ҳам ёзги таътилни Қўқон шаҳридаги «Коинот» болалар оромгоҳида ўтказди.
Кези келганда айтиш керакки, Қирғизистон Республикаси билан самимий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг ташаббуси билан икки қардош халқнинг яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида қирғизистонлик 54 нафар ўғил-қиз Фарғона туманининг қир-адирлар қўйнида жойлашган «Тонг» болалар оромгоҳига ҳордиқ чиқариш учун таклиф этилди. Улар 12 кун давомида ўзбекистонлик тенгдошлари билан бир оила фарзандларидек мароқли ҳордиқ чиқаришди.
Айтиш жоизки, оромгоҳларда болалар саломатлиги, тозалик ва озодалик, озиқ-овқатларнинг сифати шифокорларнинг доимий назорати остида бўлди. Энг асосийси, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Турли маданий, маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари эса уларнинг бадиий-эстетик дунёқарашини, жисмонан соғлом ва ақлан етук бўлиб камол топишларига хизмат қилди, дейишимиз мумкин.
Барча оромгоҳларда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида тўгараклар мунтазам равишда фаолият юритди. «Ҳумо» оромгоҳида 1162 нафар, «Коинот»да 1296 нафар, «Кимёгар»да 1343 нафар, «Ниҳол»да 901 нафар ва «Чимён» оромгоҳида 709 нафар ўқувчилар ёзни завқли ўтказишди.
Таъкидлаш жоизки, ижтимоий ҳимояга муҳтож, «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг мингдан ортиқ фарзанди бепул йўлланмалар асосида дам олдирилди. Оромгоҳларда ташкил этилган 50 дан ортиқ тўгараклар болаларни ватанпарварлик, миллий ғурур руҳида баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг китобхонликка, чет тилларни ўрганиш ва спортга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мароқли таътилдан янги ўқув йилига отланган ёшлар, албатта, аъло баҳоларга ўқиб, дарсларни пухта ўзлаштириб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган комил инсонлар бўлиб камолга етишишларига ишонамиз.
Эркинжон НУРАЛИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Фарғона вилояти кенгаши раиси



