Шу йил 31 август куни «Газпром» профилактика ишлари олиб борилиши туфайли «Шимолий оқим» линияси орқали газ етказиб беришни уч кун муддатга тўхтатди. Компаниянинг изоҳлашича, бу вақт оралиғида қувурлар, газ сизиб чиқиш ҳолати, шунингдек, бошқа камчиликлар текширилади. Лекин европалик истеъмолчилар режадаги ушбу юмушлар якунланганидан сўнг таъминот қайта тикланишига ишонишмаяпти, шубҳа ва хавотир бор. Амалда қандай бўлади, ҳозирча бир нарса дейиш қийин.
Аммо шуниси аёнки, профилактика ишлари ҳақидаги хабардан сўнг «кўҳна қитъа»да газ баҳоси кескин кўтарилди. Мана, бир неча кундирки, бу борада рекордлар кетма-кет янгиланмоқда. Масалан, 26 августда сентябрь ойи фьючерс нархлари бирданига 9 фоизлик пунктга ошиб, бир мегаватт-соат учун 340 еврога етди (1 МВт соат = 95,31 м³). Атиги бир йил аввал бу тахминан 27 евро атрофида эди. Тасаввур қиляпсизми, ўртадаги фарқ қанча катта.
Аслида бозордаги нарх-навонинг «сакраши»га биргина «Газпром» томонидан эълон қилинган охирги хабар туртки бўлди, дейиш ҳам ноўрин. У шунчаки мавжуд вазиятни янада кескинлаштирди. Чунки бунгача ҳам бир қатор омиллар сабабли газ қиймати босқичма-босқич ошиб бораётганди. Мисол учун, Европа ҳукуматлари қишки иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун газ омборларини тўлдиришга зўр берди. Бошқа тарафдан эса ёзнинг ноодатий иссиқ келиши, қурғоқчилик, истеъмол ҳажмининг ортиши энергетика инқирозини кучайтириб юборди. Жумладан, аномал ҳарорат туфайли йирик атом электр станциялари ишлаб чиқариш миқдорини қисқартиришга мажбур бўлди. Гап шундаки, бундай об-ҳаво шароити АЭСларнинг совитиш тизимида муаммоларни юзага келтиради. Энергетика компаниялари фаолияти билан боғлиқ шу каби қийинчиликлар Франция, Италия ва Германияда кузатилди.
«Энергия баҳоси энди ҳеч қачон урушдан олдинги даражага қайтмайди», дейди Германия иқтисодий тадқиқотлар институти (DIW) раҳбари Марсель Фрацшер «SWR» радиостанциясига берган интервьюсида. Унинг фикрича, табиий газ учун юқори нархнинг узоқ муддатли сақланиб туришига тайёр бўлиш керак. Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршилик оқибатида бу ҳатто беш-етти йилгача чўзилиши мумкин. Шу боис одамлар турмуш даражасининг пасайишига кўникишига тўғри келади.
Ҳақиқатан ҳам, энергетика инқирози Европада кўпгина чекловлар ва янги меъёрларни амалиётга татбиқ этиш заруратини юзага келтирмоқда. Бу эса аҳолининг одатий ҳаёт тарзини ўзгартириб юбормоқда.
Масалан, Испания парламенти электр энергиясини тежаш ва Россия газидан фойдаланишни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини қабул қилиш учун овоз берди. Унга кўра, эндиликда жамоат жойларида кондиционерларни Цельсий бўйича 27 даражадан совуқроқ ҳароратга қўйиб ишлатиш тақиқланади. Қишда эса иситиш меъёри 19 даражадан ошмаслиги керак.
«Энергияни тежаш ҳамма учун фойда келтиради. Бу таъминотчи қўллаётган чоралар ва иқлим ўзгариши хавфига қарши стратегик ҳаракатдир», дейди Испания транспорт вазири Ракел Санчес Хименез.
Худди шунга ўхшаш чекловни Германия ҳам жорий этмоқда. Хусусан, сентябрь ойидан бошлаб жамоат жойларида иссиқ сув ўчирилади. Коридор ва фойеларни иситиш, шунингдек, тунги вақтда биноларни ёритиш (ташқи тарафини) тақиқланади. Темир йўлда эса йўловчи поездларига эмас, кўмир ва нефть ташувчи поездларга устуворлик берилади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, тунги ёритишни камайтириш ва дўконларда ҳарорат чегараларини белгилаш ғояси Португалияда ҳам илгари сурилган. Айни пайтда мамлакат ҳукумати энергияни тежаш билан боғлиқ лойиҳани ҳозирламоқда. Яқин кунларда у аҳолига тақдим этилади.
Хорватия эса бу йилги қишда уйларни ўтин билан иситишга тайёргарлик кўрмоқда: ҳукумат шундан келиб чиққан ҳолда ёғочга ҚҚСни 5 фоизгача камайтириш ва қуёш панеллари учун бу солиқни бутунлай бекор қилишни таклиф этди.
Буюк Британиянинг электр нархлари регулятори «Ofgem» эса жорий йил октябрь ойидан бошлаб тарифлар 80 фоизга ошишини маълум қилди. Бу шундоқ ҳам мамлакатда инфляция даражаси 10 фоиздан ортиб, аҳолининг харид қобилияти тушиб бораётган бир шароитда истеъмолчиларга қўшимча қийинчилик туғдиради. Дейлик, агар илгари мамлакатда ўртача уй хўжаликлари электр энергияси учун йилига тахминан 2000 фунт тўлаган бўлса, шу йил охирига бориб ўртача тўлов миқдори 3550 фунтгача кўтарилади…
Қисқаси, Европа бир-биридан мураккаб муаммолар билан рўбарў келган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни енгиб ўтиш чоралари изланмоқда. Аҳамият берган бўлсангиз, бунда асосий урғу тежамкорликка қаратиляпти. Бу ҳамма учун хулоса чиқариш, мушоҳада юритиш учун туртки бериши керак, назаримда. Чунки, тан олайлик, кўпчилигимиз газ, электр энергияси, сувни тежашни билмаймиз. Дейлик, арзимаган гугурт чўпини тежаш учун газ плитасини соатлаб ёқиб қўямиз. Ваҳоланки, бу ресурсни уйгача келтириш қанча харажат ва машаққат талаб қилади. Ёки иш жойимизда гоҳида электр энергиясидан худа-бехуда фойдаланамиз, ортиқча ёниб турган чироқни ўчириш ёки қайсидир электр жиҳозини токдан узиб қўйишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Чунки «менга нима, чўнтагимдан кетмаяпти-ку» деган нотўғри қараш шаклланиб қолган. Уйда эса бундай қилмаймиз. Ичимлик сув билан боғлиқ ҳолатларда ҳам шундай. Ёз иссиғида тарвуз ёки қовун муздек бўлиб турсин деб устидан соатлаб сув оқизамиз. Уволини ўйламаймиз.
Шундайлар агар бугун Африка ёки Хитойнинг айрим жойларида одамлар қурғоқчиликдан жиддий азият чекаётганини, Европада электр энергияси, газ нархи тобора ошиб, аҳоли қийинчилик кўраётганини, яна дунёнинг қаеридадир оддийгина тоза сув ичиш имконияти йўқлигини тасаввур қила олганларида эди, балки тежамкорлик билан иш кўришарди. Аслида ижобий томонга ўзгариш ҳеч қачон кеч эмас. «Зарарнинг қаеридан қайтсанг фойдадир» деган гап бор. Шундай экан, ҳар битта неъматни асраш ҳақида ўйлаш, тежамкор бўлиш, борини вақтида қадрлаш керак.
Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист



