Қалбларга чўғ солган «Самарқанд руҳи»

61

Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови ва киберспорт бўйича чемпионат ўтказилди. ШҲТга аъзо давлатлар делегация­лари иштирокидаги шу ва бошқа кўп томонлама учрашувларнинг барчаси турли форматларда – виртуал, юзма-юз ҳамда гибрид режимида бўлиб ўтди. Хусусан, Нукус, Бухоро ва Фарғонада ШҲТ Миллий мувофиқлаштирувчилар Кенгашининг йиғилишлари, Хивада транспорт вазирларининг мажлиси, Бухорода қашшоқлик масалаларига бағишланган конференция ўтказилди. Августда Самарқанд шаҳрида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда Ўзбекистон ШҲТнинг 37 та ҳужжатини мувофиқлаштириш жараё­нини якунига етказди. Концептуал, стратегик ва амалий хусусиятга эга ушбу ҳужжатларнинг 30 таси Ўзбекистон ташаббуси билан, шахсан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилди.

ШҲТнинг коронавирус пандемияси туфайли бир неча йил онлайн тарзда ўтган саммитларидан фарқли ўлароқ, Самарқанд машварати чинакам юзма-юз конструктив мулоқотлар майдонига айланди. Она заминимиз учун ё ҳаёт, ё мамот масаласи ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамият касб этаётган, дунёда таҳликали вазият ҳукм сураётган бир паллада мамлакатимизда бўлиб ўтган ШҲТ саммити нафақат Евроосиё минтақасига, балки бутун дунёга ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш ҳамда ҳурмат руҳини олиб кирди. Асрлар давомида тамаддунларни, халқларни бирлаштириб келган, Буюк ипак йўлининг юраги бўлган Самарқанд бугунги таҳликали вазиятда катта-ю кичик халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, биродарлик, ҳамкорлик, тинчлик, тотувлик байроғини баланд тутди. «Шанхай руҳи» ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик бош шиорига айланган «Самарқанд руҳи» билан уйғунлашди. ШҲТнинг айнан Самарқанд саммити ташқи сиё­сат бобида устувор йўналишлари турлича бўлган давлатларни бирлаштириш ва муросага келтиришга қодир мустаҳкам платформага айланди. «Самарқанд руҳи» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига янги имкониятлар, янги ёндашувлар эшигини очиб берди.
16-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бугунги геосиёсий вазиятга, дунёнинг келажагига дахлдор долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди. Халқларнинг, давлатларнинг бир-бири билан ёвлашиб, довлашиб эмас, балки ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ҳурмат асосида, тинчлик ва барқарорликда яшаши лозимлиги ҳақидаги даъватлар юксак минбарларда такрор ва такрор ­янг­ради.
Саммитда ташкилотга аъзо давлатлар – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покис­тон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, кузатувчи ва ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон, Туркманистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари, Саудия Арабистони, Қатар, Мисрнинг юқори мартабали вакиллари, МДҲ ва бошқа минтақавий ташкилотлар бош котиблари, шунингдек, БМТ Бош котибининг ўринбосари иштирокида икки томонлама ҳамда саммит доирасидаги кўплаб учрашувлар бўлиб ўтди. Умуман олганда, Самарқанд саммитида 14 та давлат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарларининг иштирок этиши мазкур халқаро тадбирнинг мисли кўрилмаган воқеа эканини яна бир бор намоён этди.
Аслида ташкилотдаги кузатувчи ва ҳамкор давлатлар сонининг тобора ортиб бораётгани ШҲТга берилган энг юксак баҳодир. Хусусан, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Самарқанд саммитидан юртига қайтгач, Туркиянинг ШҲТга аъзо бўлиши эҳтимолдан холи эмаслиги ҳақида баёнот берди. Буларнинг барчаси бугунги нотинч замонда ушбу нуфузли ташкилотга аъзоликнинг қанчалик жозибадор эканига ишорадир.
Албатта, ШҲТ ичида ҳам зиддиятлар бор. Унинг келгуси тараққиётига муносабатлар ҳам турлича. Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саммит арафасида чоп этилган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали концептуал мақоласида давлатимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига муносабатини қуйидагича аниқ-тиниқ ифодалаб берди: «ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги унинг фаолияти асосини ташкил этадиган қуйидаги тамойилларда намоён бўлмоқда: Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдадир.
ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим».
Шу боис ШҲТ салоҳияти ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, қашшоқликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик муаммоларга ечим топиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш Ўзбекистон раислигининг асосий устувор йўналишлари ва вазифалари қаторидан ўрин олди.
Президент Шавкат Мирзиёев олтита йўналишда аниқ ташаббусларни илгари суриб, иқтисодиёт, рақамли жамиятни ривожлантириш, камбағаллик, пандемия ва эпидемиялар, касалликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик, терроризм, экстремизм ва наркобизнесга қарши курашиш ҳамда афғон муаммосини ҳал қилишда ШҲТнинг ролини янада оширишга аҳамият қаратди.
Дунёда энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги таназзул, мавжуд логистика йўналиш­лари ва таъминот занжирларининг узилиши, ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви саммит иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Саммит доирасида жами 44 та ҳужжат имзоланди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон ташаббуси билан тузилган стратегик аҳамиятга эга ҳужжатлардир.
Қолаверса, Самарқандда қабул қилинган қарорлар ташкилотнинг келгуси ўн йилликлардаги тараққиётининг янги стратегик йўналишларини белгилаб берди.
Ушбу стратегик ҳужжатлар орасидан ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси ҳамда иқлим ўзгаришига нисбатан жавоб ҳаракатлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг баёноти ўрин олган.
Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси имзоланди. ШҲТ мамлакатларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлиги дастури қабул қилинди.
ШҲТда минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳамда тиббиёт ташкилотлари ўртасида юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш масалаларида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.
ШҲТ доирасида салкам 20 йил давомида кутилган «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама битим имзолангани ҳам муҳим аҳамият касб этди. Лойиҳа амалга ошса, Иккинчи континентал транспорт кўпригининг жанубий йўлагига асос солинибгина қолмай, уч мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун янги маҳсулотлар бозорларига ҳам йўл очилади. Йўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, Форс кўрфази ва Тинч океани портларига қулай чиқиш имконини беради.
Саммит давлатлар ўртасидаги икки томонлама самарали учрашувлар билан ҳам ёдда қоладиган бўлди. Деярли барча мамлакатлар икки томонлама учрашувларда минтақадаги вазият, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, қўшма лойиҳалар ҳақида келишиб олдилар. Биргина мисол, саммит кунлари Қирғизистон ҳамда Тожикистон чегараларидаги нотинчлик алангаси икки давлат раҳбарларининг айнан Самарқанддаги юзма-юз мулоқоти чоғида сўндирилди. Бу ҳам ШҲТнинг тинчликпарвар сиёсатининг бир намунаси десак, адашмаган бўламиз.
Саммит доирасида Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Шунингдек, Беларусни ҳам ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёни расман бошланди. Бу жараёнлар ШҲТга илк бор Ҳиндис­тон раислик қиладиган 2022-2023 йилларда ўз якунига етади.
Самарқанддан қайтгач, таҳририят жамоа­­си билан сафар ва саммит таассуротларини ўртоқлашдим. Кўнглимдан ўтганларни, кўрганларимни ҳаяжон билан сўзладим. Саммит ахборотлари уларга жуда таниш эди – ахир барчамиз бир неча кун шу хабарлар ичида яшагандик. Ҳамкасбларимни ўзгача қизиқтиргани, фахрлантиргани – кўҳна ва боқий шаҳар Самарқанддаги улкан ўзгаришлар эди. Ҳа, «Самарқанд руҳи» нафақат саммит иштирокчилари, балки барчамизнинг қалбимизни чулғаб олганди. Жамоамиз навбатдаги таътилда Самарқандни зиёрат қилишни режалаштириб олди. Қандай ажойиб!
Бугун дунё ахборот маконини кузатар эканман, «Самарқанд руҳи» жаҳон узра кезаётгани, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити унинг кейинги тараққиёти йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга кираётганига амин бўлмоқдаман.
Бу ҳолат барча юртдошларимиз қатори, қолаверса, ушбу саммитнинг иштирокчиси, уни бевосита кутган журналист сифатида менга жуда катта мамнуният бахш этади.

Жаҳонгир НАҲАНОВ
«ISHONCH»

РS: Ҳа, дарвоқе, самимият ҳақидаги гапга қўшимча: саммитдан сўнг Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Твиттердаги саҳифасида Ўзбекистон халқига ва ҳукуматига меҳмондўстлик учун ўзбек тилида миннатдорлик билдирди.
«ШҲТ саммитида самарали икки ва кўп томонлама учрашувлар олиб бордик. Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдираман», деб ёзади Ҳиндистон бош вазири.
Шунингдек, бугун марказий нашрлар Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпиннинг давлатимиз раҳбарига ёзган самимият тўла мактубини эълон қилди. Ўқиб, чексиз фахр туйдим. Буни сўз билан таърифлашга шу тобда қийналяпман. Ахир дунёнинг бир устуни ҳисобланган мамлакат раҳбарининг бу эътирофи ортида Юртбошимиз ва у киши етакчилигида дунёга ўзини намоён этаётган Янги Ўзбекистоннинг 35 миллионлик халқи турибди. Мен ҳам, сиз ҳам борсиз улар орасида…