Жияним Асадбек уч йиллик уринишлардан сўнг тўлов шартномаси асосида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Қорақалпоғистон филиалига ўқишга кирди. Аммо у Марғилонда яшайди. Ўқишга кирганидан беҳад хурсанд бўлган Асадбек Нукусга жўнаб кетди.
Шу кунларда у телефон қилиб қолди.
– Зўр гап эшитиб қолдим, – деди у. – Юртимиздаги 14 та тижорат банкидан белгиланган фоиз ставкаси асосида таълим кредити олса бўларкан. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилар экан. Бу вақт оралиғида эса кредитнинг фоизи тўлаб борилар экан, холос. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, таълим кредитини олишга қарор қилдик.
– Жуда яхши-ку! – дедим унга.
Орадан бир неча кун ўтгач, Асадбек яна телефон қилди:
– Бу кредит ғирт ғалванинг уяси бўляпти. Зарур ҳужжатларни тўплаб, «Агробанк»нинг Марғилон шаҳар филиалига тақдим этдик. Лекин банк ходимлари кредит олиш учун Марғилонга келиб-кетишингиз керак, дейишди. Тартиби шундай экан. Нукусдан Марғилонга бориб келишнинг ўзи бўладими? Кредитни Нукусдан олай, десам, буям ортиқча ғалва. Чунки бу ерда қариндош-уруғ, таниш-билишларим йўқ. Ҳеч ким менга кафиллик қила олмайди. Онамнинг кафиллиги учун эса нотариусга бориб, ишончнома қоғозини юбориш ҳам вақт, ҳам қўшимча харажатни талаб қилади.
– Уйга бориб келаверсанг-чи, баҳонада яқинларинг билан дийдорлашасан, – дея маслаҳат берган бўлдим мен.
– Яхшику-я, аммо ҳозирги вазиятимда бу моддий жиҳатдан ҳам, хавфсизлик жиҳатидан ҳам катта таваккал. На илож, кечқурун йўлга чиқаман. Вокзалда кўришамиз.
Суҳбатимиз якунига етгач, жиянимнинг сўзлари хаёлимда чарх ура бошлади: таваккал, моддият, хавфсизлик…
Бу орада «Агробанк»нинг алоқа марказига қўнғироқ қилиб, масаланинг ечимини топиш имкони бор-йўқлигини сўрадим.
Оператор бу фақат ушбу банкнинг муаммоси эмаслигини, қолган банкларда ҳам таълим кредитини онлайн ажратиш тизими йўлга қўйилмаганини тушунтирди. Бунинг учун эса Молия вазирлигига мурожаат қилишим кераклигини айтди.
Шулардан келиб чиқиб, тизимни янада ривожлантириш ҳамда талабалар учун янада кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида қуйидаги таклифни Молия вазирлиги эътиборига ҳавола қилмоқчиман: кредит бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда, молия муассасалари ажратаётган таълим кредити бериш механизмини янада соддалаштириш керак. Яъни, бу масалада онлайн платформа ишлаб чиқиш зарур. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун, аввало, янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз шарт.
Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ,
журналист



