Бўстонлиқ туманида «Севарсой» санаторийси фойдаланишга топширилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўларканмиз, буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг «Инсон дардига дармон бўлмоқ олижанобликнинг энг юксак намунасидир» деган сўзлари ёдга тушаверади.
Дарҳақиқат, айни кезларда халқимизнинг соғлом ҳаёт кечириши ва ўртача умр кўриши давомийлигини узайтириш тиббиётнинг бирламчи вазифасига айланди. Бу борадаги ишларнинг самараси жойларда яққол кўзга ташланмоқда. Эътиборли жиҳати, бунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Ташкилот ишчи-ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг ва оила аъзоларининг соғлиқларини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб хайрли ишларга қўл урмоқда. Жумладан, 2017-2022 йиллар давомида Сурхондарё вилоятида «Термиз марвариди», «Хўжаипок», Сирдарё вилоятида «Янгиер», Самарқанд вилоятида «Абу Али ибн Сино», Тошкент шаҳрида «Чинобод Плаза», Тошкент вилоятида «Кўҳинур», «Заркент» санаторийлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жиззах ва Тошкент вилоятларидаги «Зомин», «Оқтош-шабада», «Оқтош», «Бўстон» санаторийларида қўшимча равишда замонавий ётоқ ҳамда даволаш бўлимлари барпо этилди. Федерация тасарруфидаги Даволаш-профилактика марказида янги даволаш корпуси ишга туширилди.
Куни кеча эса бундай масканлар сони яна биттага кўпайди. Аниқроғи, Бўстонлиқ туманида муҳташам «Севарсой» санаторийси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда таниқли ижодкорлар иштирок этдилар.
Маросим аввалида Федерация раиси Қудратилла Рафиқов сўзга чиқиб, барчани, хусусан, Бўстонлиқ аҳлини ушбу янги иншоот билан муборакбод этди. Сўнгра «Севарсой» санаторийси директори Шоаҳрор Шомансуровга рамзий калитни топширди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табригини нафақат касаба уюшмалари аъзолари ва фаоллари, балки бутун халқимиз катта қувонч билан кутиб олди, – деди Қудратилла Рафиқов. – Кенг жамоатчиликнинг катта қизиқиши ва эътирофига сазовор бўлган ушбу табрикда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар юксак баҳолангани Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари учун катта шарафдир.
Президентимиз касаба уюшмалари тимсолида шу юрт равнақи учун ўзини дахлдор деб билган барча меҳнаткашларни кўраётганликлари эса, бизни янада ғурурлантирди. Айниқса, табрикда Юртбошимизнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган, инсон қадри ва унинг шаънини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва ушбу кунни дам олиш куни деб белгилашни таклиф этгани нафақат касаба уюшмалари аъзолари, балки бутун халқимиз руҳиятини кўтарди.
Тарихий таклифни катта хурсандчилик билан қабул қилар эканмиз, салкам 6 миллионлик аъзоларимиз номидан давлатимиз раҳбарига алоҳида эътибори ва ғамхўрликлари учун чуқур эҳтиромимиз ҳамда миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Маълумки, ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида туризм энг истиқболли соҳалардан бири ҳисобланади ва бу йўлда бугун кўплаб дам олиш ва соғлиқни тиклаш масканларимиз хорижлик меҳмонларга ҳам муносиб хизмат қилиб келмоқда. «Мерсиан», «Ботаника», «Турон», «Зомин» каби санаторийлар шулар жумласидандир.
Давлатимиз раҳбарининг «Туризм – бу ҳам инвестиция, ҳам экспорт, ҳам янги иш ўринлари ва камбағалликни қисқартириш дегани. Шунинг учун ҳар бир ҳудудда бу соҳага жиддий эътибор қаратиб, кўпроқ сайёҳларни жалб этиш керак» деган кўрсатмалари асосида бетакрор Чимён ҳудудида қад ростлаган «Севарсой» кошонаси нафақат юртимиз аҳолиси, балки хорижий давлатлар фуқаролари учун мамлакатимиз тарихида янги турдаги санатор-курорт бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Янги санаторий денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда (Ғарбий Тяншан тоғи ва Қоржонтовнинг пастки қисмида) ҳам қишки, ҳам ёзги тоғ-иқлимий курорт сифатида барпо этилди.
Умумий ҳудуди 6 гектар бўлган 6 қаватли санаторийда барча қулайликларга эга 68 та стандарт, 2 та люкс ва 8 та яримлюкс, тузли ғор ҳамда массаж хоналари, замонавий бассейн ва СПА комплекси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун семинар ва тадбирлар ўтказишга мўлжалланган замонавий конференция зали ҳам мавжуд. Қурилишга уч йилдан ортиқ вақт сарфланди.
Сиҳатгоҳ нафақат нафас олиш тизими касалликлари, балки асаб, аллергик касалликлар ва юрак қон-томир ишемияси бўлган беморлар учун ҳам фойдали ҳисобланади.
Санатор-курортда бир вақтнинг ўзида 200 нафар дам олувчига махсус тайёргарликдан ўтган юқори малакали мутахассислар хизмат кўрсатади. «Севарсой»нинг ишга туширилиши юздан ортиқ янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Маросим чоғи қурилиш жараёнида фидойилик кўрсатган бир гуруҳ қурувчилар меҳнати эътироф этилиб, уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан зарбоф тўнлар кийдирилди.
Тадбирга санъат усталари дилрабо куй-қўшиқлари билан янада файз киритдилар.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»



