Ёзда чанг, қишда лой…

136

Гапнинг дангалини айтганда, Шароф Рашидов тумани «Пастки Сўлоқли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Мустақиллик, Шодлик, Мевазор кўчаларида йўлларнинг биронтаси талабга жавоб бермайди. Аҳоли ёзда чанг ютишга, қишда балчиқ кечишга мажбур.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Умматов ҳамда ҳоким ёрдамчиси Ниятжон Мўминов ушбу муаммода аҳолининг ўзини айбдор санаяпти. Уларнинг айтишича, бу ҳудуд янги маҳалла бўлгани учун ҳамма тўлиқ уй-жой қуриб бўлмаган. Шу омил ҳам кўчани асфальтлаш, ичимлик суви тортиш, электр энергиясини яхшилашга тўсиқ бўлмоқда.

–  Мавжуд муаммолар юзасидан мутасаддиларга бир неча маротаба мурожаат йўллаганмиз, – ­дейди Шодлик кўчасида яшовчи Дилрабо Тўрақулова. – Афсус, уринишларимиз бесамар кетяпти. Келган мутасаддилар ҳам хонадонларнинг кўпчилигида кадастр ҳужжати йўқлигини рўкач қилиб, ўзимизни айблашдан нарига ўтмаяпти. Шундай бўлгач, «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастуридан умид қилмасак ҳам бўлаверади…

Умуман олганда, «Пастки сўлоқли» МФЙ инфратузилмасини ривожлантириш дастурига мувофиқ, давлат бюджетидан маҳаллага 2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шу маблағ ҳисобидан Темир йўл ҳамда Маданият кўчаларига 464 метр бетон қоплама қуйилган. Гулзор, Мевазор кўчаларига эса шағал тўшалган. Мус­тақиллик 1, «Мустақиллик 2 ҳамда Мустақиллик 3 кўчаларига ичимлик сув қувурлари тортилиб, сув минораси ўрнатилган. Темир йўл кўчасига 30 дона бетон устун ва бир чақирим электр тармоғи тортилган. Аммо Пахтакор кўчасига 20 та, Миришкорга 30 та, Шодликка 25 та бетон устун, 2 та трансформатор ўрнатиш фақат режалаштирилган, холос.

– Ўтган йили ҳар бир хонадон 400 минг сўмдан пул маблағи йиғиб, кўчага электр токи тортганмиз ва ҳозирча электрдан ҳеч қандай муаммо йўқ, – дейди Шодлик кўчасида яшовчи яна бир фуқаро Лола Ҳамдамова. – Асосий муаммо – ичимлик сув ва носоз йўл. Ёғингарчилик бўлса кўчада юролмаймиз. Шундай пайтда кимдир оғриб қолиб, шифокор чақирса, тез ёрдам машинаси киролмайди. Болаларимиз тизза бўйи лой кечиб мактабга бормоқда.

– Маҳалламизнинг йўли соз бўлмаганга яраша, кошкийди суви бўлса, –  дейди мевазорлик Шафоат Тошбекова. – Кўчиб келганимизга бир йил бўлди, шундан буён қўшниларнинг қудуғидан сув олиб ичамиз. Улар ҳам гоҳида беради, гоҳида эса йўқ…

Ҳар қандай ислоҳот натижаси аҳолининг турмуш шароитидан билинади. Шундай экан, мазкур масала масъул раҳбарларни уйғоқликка чорлаши даркор.

Муқимбой ИСМОИЛОВ

«ISHONCH»