Ҳамширалар нега ишга қўйилмади?

99

Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмасида йилнинг илк ҳафтаси машмашалар билан қаршиланди. Масалага қонуний нуқта қўйишга маъмуриятда ташаббус, ходимларда эса ­сабр-бардош етмади.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ҳамширалар мурожаатини ўрганишимизга тўғри келди. Муаммонинг илдизи бироз чуқурроқ экан.

– «Тез тиббий ёрдам» маркази жонлантириш (реанимация) бўлимида фаолият кўрсатиб келардик, – дейди 11 нафар киши имзо чеккан мурожаатга ишора қилиб Санъат Жабборова. – Янги йилдан сўнг бўлим мудири ва бош ҳамшира барчамизга ишга келмаслигимизни, биз ишлаб турган лавозимлар қисқаришга тушганини айтишди. Ҳайрон қолдик. Барчамиз олий тоифали ҳамшира мақомига эгамиз. Ўртача ёшимиз 54-57 ёшни ташкил этади. Энг ками 30 йиллик иш тажрибасига эгамиз. Ҳеч бир изоҳсиз ишга қўйилмаслигимиз мумкинми? Мана, бир ҳафтадирки, ишхонага киролмаяпмиз.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Дилфуза Камоловага учрашдик. У 11 нафар ҳамширанинг аксари пенсия ёшига етгани, штатлар жадвалига мувофиқ қисқаришга тушганини билдирди. Мулоқотдан аёнлашдики, ходимларнинг бирортаси штат жадвали қисқартирилаётгани тўғрисида қонун доирасида огоҳлантирилмаган. Томдан тараша тушгандек, оғзаки равишда ишга қўйилмаган.
Туман «Тез тиббий ёрдам маркази» жонлантириш бўлими мудири Яхшимурод Ҳасанов эса бу ходимларнинг иш ўрни қисқариб, айни чоғда улар учун иш ўрни йўқлигини билдирди. Асос сифатида қўлимизга ССВнинг 2022 йил 8 октябрдаги 06-31070-сонли хатини тутқазди. Вазир ўринбосари О.Фозилкаримов имзолаган, тизим ташкилотларига жўнатилган кўрсатмани айнан келтирамиз.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июндаги «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг 4-банди ижросини таъминлаш мақсадида Республика «Тез тиббий ёрдам маркази» ва унинг ҳудудий филиаллари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, марказий туман (шаҳар) шифохоналари ҳамда соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги автохўжаликларнинг янгиланган штат меъёрлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Мазкур штат меъёрлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилди.
Юқорида келтирилган штат меъёрлари асосида муассасаларнинг янгиланган штат жадвалларини тузиб, тасдиқланган ҳолда ҳудудий молия органларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишингиз ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан 10 иш кунидан кечиктирмай умумлаштирилган ахборотни вазирликка тақдим этишингиз сўралади. Имзо».
Бу янгилик ижроси вазирликка қай тахлитда етказилганини билмадигу, аммо Пастдарғом ТТБдаги иш ўрни қисқаришга тушган ходимлар мутлақо хабарсиз қолдирилган. Қолаверса, туман ТТБ кадрлар бўлими бошлиғи Д.Норпўлатов тақдим этган 2023 йил 9 январдаги маълумотда Санъат Жабборова ва ўн нафар бошқа ҳамшира билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинмагани баён этилган.
– Пастдарғом ТТБ маъмурия­­ти тутган йўл нафақат ходимларнинг шахси, қадр-қимматини топташ, балки қарор ва кўрсатмалар ижросига ҳам панжа орасидан қарашдан бошқа нарса эмас, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Маъруф Бобоёров. – Масала ТТБ раҳбари иштирокида муҳокама этилди. Ишга қўйилмаётган 11 нафар ҳамширанинг ҳуқуқлари тикланди.
Қонунга амал қилган қоқилмайди. Бу Пастдарғом ТТБ раҳбарларига сабоқ бўлса, ажабмас.

Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»