“103” хизматига янги автомобиллар топширилди

48

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида эскирган автомашиналарни замонавий тез тиббий ёрдам автомашиналарига босқичма-босқич алмаштириш ишлари давом этмоқда. Жумладан, “103” тез тиббий ёрдам хизматида 2938 дона автотранспорт воситаси бўлиб, шундан 648 таси ёки 22 фоизи яроқсиз ҳолатга келган.

«Jizzax Auto» заводида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида республика тез тиббий ёрдам маркази автотураргоҳига 110 та “Volkswagen Caddy” русумли сўнгги авлод тез тиббий ёрдам машиналарини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бешинчи авлод “Volkswagen Caddy” мутлақо янги МҚБ платформасида қурилган бўлиб, 1,6 МПИ атмосфера мотори билан жиҳозланган. Автомобиллар 6 поғонали механик узатмалар қутиси билан биргаликда 110 от кучига эга. 100 километрга автомобиль аралаш циклда 7 литр ёқилғи сарфлайди.
Халқаро тажрибада тез ёрдам хизматидаги автотранспорт воситаларини ишлатиш муддати 5-8 йилни ташкил этади. Юртимизда ҳам 8 йилдан ошган тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари янгиланиши лозимлиги белгиланган. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ҳозирги кунда “103” тез тиббий ёрдам хизматида 244 дона “Hunday”, 145 дона “Volkswagen Caddy” 90 дона “Nissan”, 46 дона “Toyota”, 228 дона “Ford”, 13 дона “Foton”, 37 дона “УАЗ”, 5 дона “Isuzu NLR”, 29 дона “Isuzu D-MAX”, 19 дона “Газель”, 2082 дона “Damas” машиналари хизмат кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 майдаги ва 2022 йил 16 июндаги қарорларига мувофиқ, тизимда мавжуд “Damas” русумли автомашиналар ва хизмат муддатини ўтаган бошқа турдаги автотранспорт воситаларини 2022-2024 йилларда замонавий автотранспортлар билан янгилаш белгиланган.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Ишонч”