Янги тартибга асосан, мактабларда фаолият олиб бораётган педагоглар ҳар йили бир марта, бир ҳафталик (36 соат) малака ошириш курсларини ўташлари шарт. А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти бўлим мудири Элёр Алкаровнинг таъкидлашича, ўқитувчилар белгиланган малака ошириш шакллларидан ташқари муқобил малака ошириш шаклидан фойдаланган ҳолда ҳам белгиланган кредит балларини тўплашлари ва малака оширишдан озод этилишлари мумкин.
Маҳоратли педагоглар касбий фаолиятлари давомида ўзи ёки ўқувчиларининг кўрсатган юқори натижасига қараб, бир, икки ҳатто уч йил давомида малака оширишдан озод қилинади. Қуйида биз айтиб ўтган муқобил шаклларининг тоифаларини ҳавола қиламиз.
Педагог ўз фани бўйича дарслик муаллифи бўлганда – 3 йил.
Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаганда – 3 йил.
Илмий даража олиш учун докторлик диссертациясини ҳимоя қилганда – 3 йил.
“Устоз-шогирд” тизимида камида бир нафар илмий даражали ўқитувчини тайёрлаганда – 2 йил.
“Халқ таълими аълочиси” ёки “Халқ таълими фидойиси” мукофотига сазовор бўлганда – 2 йил.
Фахрий унвон ёки давлат мукофотига сазовор бўлганда – 2 йил.
“Устоз” танловининг Республика босқичи ғолиби бўлганда – 2 йил.
Республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаганда – 2 йил.
“Ўзбекистон баркамоллик учун таълим” дастури лойиҳаси доирасида ташкил этилган тренингларда иштирок этган ўқитувчиларнинг малака оширганлик тўғрисидаги сертификатини олганда – 1 йил.
Миллий ва халқаро таълим курсларини (Coursera, Udemy, Udacity, Edx ва бошқалар) муваффақиятли ўқиб тугатганда – 9 кредит.
Британия ва Америка Кенгаши курсларини ўқиб тугатганда – 9 кредит.
Хорижий тиллар бўйича камида C1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлганда – 9 кредит.
Халқаро индексацияланган базалар (Scopus, Web of Science)да эътироф этилган журналларда мақола нашр этганида – 9 кредит.
Педагог ходимлар масофадан туриб, онлайн тарзда ҳам малакасини оширишлари мумкин. Бунинг учун улар “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси (onlinedu.uz) орқали рўйхатдан ўтишлари керак.
Зебо НАМОЗОВА тайёрлади.



