Одил судлов: Далилларга баҳо беришда виждон етишмаяпти(ми)?

58

Тўғриси, бу мавзу ҳақида айрим суд ишлари сабабли тўхталишга қарор қилдим. Аниқроғи, ана шу айрим суд ишларида судьялар томонидан иш бўйича тўпланган далилларга баҳо беришда “асосга нисбатан асос” усулидан фойдаланилмасдан, келтирилган далилларни ишончсиз эканлиги ҳақида “ишончли асос” кўрсатиб берилмаяпти. Асос ўрнига эса “Олий судга мурожаат қилиб кўринг” дейиш билан чекланилмоқда.

Қонунчиликда қайд этилмаганлиги учун судларга “Виждон борми?” деган саволни бера олмадим. Бу борада ҳуқуқий нормалардан изланиб, хорижий тажриба билан танишиб, шундай хулосага келдик.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасида далилларга баҳо бериш ҳақида сўз юритилган. Унга кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда қонунга ва ҳуқуқий онгга амал қилиб ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар.

Эътибор беринг, “қонунга ва ҳуқуқий онгга амал қилиб” дейилган. “Қонунга амал қилиш” тушунарли, “ҳуқуқий онгга амал қилиш” деганда нимани тушунамиз?

Давлат ва ҳуқуқ назарияси фанида “ҳуқуқий онг” тушунчасига шундай таъриф берилади, яъни ҳуқуқий онг — ижтимоий онг шакли бўлиб, жамият аъзоларининг мавжуд ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқни тушуниши, ҳуқуқ-тартибот ҳақидаги тасаввурида ўз аксини топади.

Демак, юқорида келтирилган нормадаги “ҳуқуқий онгга амал қилиб” жумласида жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва қонунчиликка оид тасаввурлари ва ҳис-туйғуларига амал қилиниши ҳақида гап кетяпти.

Бу масалада айрим хорижий давлатларнинг жиноят-процессуал қонунчилигида эса виждонга амал қилиниши назарда тутилган экан.

Масалан, Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 125-моддаси 2-қисмига асосан, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд қонунга ва виждонга амал қилиб, ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасида ҳам “суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд қонунга ва виждонга амал қилиб, ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар” дейилган.

Қирғизистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 93-моддаси 2-қисмида ҳам “қонунга ва виждонга амал қилиб” жумласи ишлатилган.

Ушбу кодексларнинг рус тилидаги матнидаги келтирилган “совесть” сўзи ўзбек тилида “виждон”, “инсоф” маъносини беради.

Виждон деганда эса атрофдаги одамлар, жамият олдидаги хатти-ҳаракатлари учун маънавий жавобгарлик ҳисси тушунилади.

Назаримда, ушбу “виждон” сўзи бизнинг Жиноят процессуал кодексимизнинг 95-моддасида етишмаётгандек. Нимага бу мавзуни кўтардим, чунки “қонунда йўқ нарсани гапирманг” деб эътироз билдирувчилар кўп. Шу боис, мазкур моддага виждонга амал қилиниши билан боғлиқ норма киритилиши айни муддао бўларди.