Мирзо Улуғбек, Мунавварқори, миллий университет….

65

Дорилфунунда ўқишимизнинг дастлабки йиллари эди. Бир сафар факультетнинг каттагина аудиториясида бешинчи босқич  талабаларининг хайрлашув тадбирига қатнашдик. Собиқ совет давлати таназзул исканжасида қолган, сиёсатчиларнинг қайта қуриш деган гаплари тўзғиган, бунинг устига, ҳар бир толиби илм очилаётган тарихий далиллар, ўқиётган китобларидаги тузум учун нотабиий бўлган фикрлар асосида ўзлигини излаётган, мавжуд тузумга эътирозлари кучайган, ўз сўзини айтишга интилаётган, факультет «парткоми» «Эмоцияга берилманглар!» деб талабалар ортидан «ҳай-ҳай»лаб юрган даврлар эди. Битирувчиларга бирма-бир сўз беришди. 

Албатта, шу асно беш йил давомида олган билимлари учун устозларга ташаккур, шу таълим муассасасида таҳсил олганлигидан шукроналар айтилди. Лекин ўзи бошқаларга ўхшамаслигини атай кўрсатиб юрадиган битирувчилардан бири дорилфунунда ўқиб, ҳеч нарса ўрганмаганини дағал оҳангда писанда қилди. бунга асос бор эди, албатта, домлалардан бири жадидларни «буржуазия вакиллари, миллатчилар эди» деса, бошқаси эса «Отам бор экан, Сталинни ёмонлатиб қўймайман», дерди.

Даврага бир муддат ёқимсиз сукунат чўкди. Раҳматли домламиз — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Бойбўта Дўстқораев ўзининг вазмин фикри билан барчани ноқулайликдан қутқарди: «Бир машҳур файласуф умри давомида илм ўрганиб, «Ҳеч нарсани билмаслигимни англадим», деган экан. Ҳеч нарсани ўрганмаганингизни англаганингиз ҳам аслида катта билим».

Домланинг фикри асосли бўлса-да, қуйи босқич талабаси сифатида кўнглимга хавотирли савол муҳрланди: «Наҳотки, биз ҳам шундай фикр билан университетни тугатсак?»

Йўқ, ундай бўлмади! Чунки биринчи босқичдаги «на боши, на охири бор» марксизм-ленинизмга боғлиқ КПСС тарихию унга қоришиқ матбуот назария­­си акс этган ва биз учун зерикарли туюлган фанлар «чекиниб», Очил Тоғаев, Нажмиддин Комилов, Ғайбулла Саломов, Талъат Солиҳов, Бойбўта Дўстқораев, Сайди Умиров сингари забардаст олим, моҳир педагогларнинг машғулотлари фикрлашимизни, ёзишимизни ривожлантирди.

Филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаевнинг машғулотларидан ижтимоий муаммоларни ёритишда факт, ҳатто оддий деталдан фойдаланиш, зарурат туғилганда аёвсиз танқид қилиш маҳоратидан қанчалик машаққатли, ноқулай бўлмасин, ҳақиқатни айтиш, мантиқли хулосалар чиқаришни ўргандик.

Филология фанлари доктори, профессор Наж­миддин Комилов боболар адабиёти билимдони эканини дастлабки дарсдаёқ англаб етдик. У биринчи дарсдаёқ Алишер Навоий ғазалининг икки хил маъносини таҳлил қилиб, бизни ҳайратда қолдирди: бир ғазалда икки хил — олам-олам маъно! Сўфийлар таълимоти-ю адабиётини қисқа муддатда ўрганиб бўлмаслигини англасак-да, Нажмиддин ака қақраган лабларга сув томизгандай, қадим маданиятнинг бебаҳо дурдоналаридан хабардор этиб, биз ўзлигимизни анг­лашимизга туртки берди. Баъзи домлаларга нисбатан сержило, пурмаъно қилиб, бобокалонлар адабиётининг моҳиятини, тарихини авайлаб ҳикоя қилиб берди, мумтоз шоир ва файласуфлар илдизни атеизм чиғириғига солмай, социалистик реализм пойтешаси остига олмай — боболар қандай ёзиб қолдирган бўлсалар, худди шундай тушунтирди.

Беназир инсон, жаҳон адабиёти бўйича қомусий олим Талъат Солиҳовнинг дарсларидан онгимизга сингдирилган «Ягона адабиёт, бу соцреализмдир», деган тушунча нақадар хато эканини англаганимиз, Қодирий тимсолида ўз миллий адабиётимиз мавжудлиги, шу билан бирга, биз билмаган жаҳон адабиёти намояндалари ва уларнинг асарлари ҳақида бебаҳо маълумотлар бергани, уларни топиб ўқишга интилганларимиз бизга фақат фойда бўлди.

Филология фанлари номзоди, ўша пайтда доцент, бўлғуси профессор ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Бойбўта Дўстқораев жуда кўп талаба-журналистлар қалбига ўзининг мушоҳадалари, фикрлари, тарихий далилларга бой дарслари орқали кириб борди. Демократия тўғрисида бўладими ёки тарихий мавзудами баҳслашиш, тўрт томонга айюҳаннос солишдан аввал жуда кўп ўқишимиз лозимлигини шу инсон ўргатди, десак, муболаға бўлмас. Домланинг ўз устида тинимсиз ишлаши, айниқса, тарихий манбалар устида, жумладан, жадид матбуоти ва адабиёти хусусида кўп изланишлар олиб бориши бизни ҳайратга соларди.

Ўшанда талабалар амалиёти учун ҳафтада бир кун ажратилиши бўлғуси журналистлар учун беқиёс аҳамиятга эга эди. Факультетга амалиётчи журналистларнинг, таҳририят раҳбарларининг таклиф этилиши, мулоқот жараёнида янграган фикрлар, таклифлар талабаларга сув ва ҳаводек малҳам эди. Улар билан мулоқотдан сўнг кимдир телевидение, кимдир радио, кимдир газета ёки журнални танларди.

Журналистика факультети ва ҳатто, талабалар ётоқхонасида меҳмон бўлган устоз журналист, таниқли ёзувчи, бугун фан доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад даъватлари сабаб ўша пайтда 700 мингдан ошиқ ададда чиқадиган «Ёш куч» журнали таҳририятига бориб, амалиёт бошлаганмиз, унинг меҳрли рағбати билан дастлабки мақолаларимизни ёзганмиз. Ҳафтада бир кун эмас, балки қолган кунларда ҳам дарсдан кейин бир оёғимиз таҳририятда бўларди.

Пахта мавсумининг кечки базмларида машҳур шоиру ёзувчилар билан бўлган учрашувлар, шеърхонликлар…

Бойбўта домламиз эски нашрлардан излаб топган ва ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган Чўлпоннинг «Гўзал» шеърини гулхан атрофида ёддан айтиб бергани хотирага муҳрланган:

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир: мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен — шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таржимон, журналист, ўша пайтда ўткир мисралари билан ёш кўнгилларни забт этган шоир Мирзо Кенжабекнинг биз, талабалар даврасида бўлиб, шеър ўқиганию уни ёд олганимиз:

Мен забунман. Тун қўйнида қаро тунман,
Тунд бағримга зиёларни кимдан сўрай?
Ўзим ерман, ўзим само — мен очунман,
Ўздан ўзга дунёларни кимдан сўрай?
Ишқим барбод бўлди обод шаҳарларда,
Барча кулди, мен йиғладим баҳорларда,
Юрак шабнам бўлиб томган саҳарларда
Осмонимга зуҳроларни кимдан сўрай?!
                                                               («Муножот»)

Ҳатто, бугун таниқли журналист ва муҳаррирга айланган курсдошимизнинг қўлига рубобни тутқазиб, «Шералидан бўлсин!» дея қўшиқ айтиб беришига чин дилдан чорлаганимиз, бармоқларига тор сими ботиб кетишига қарамасдан, «Энди Ортиқдан бўлсин!» дея ундаганимиз…

Энг асосий хулоса шулки, терилган пахталар эмас, балки тингланган шеърлар, қўшиқлар, эшитилган ­фикрлар дунёқарашимизни кенгайтиришда, қаламимизни ўткирлашда, пировардида йўлимизни танлаб олишимизда ўзига хос тарбия мактаби бўлган экан.

Яна бир фикрни айтмасам бўлмас. Фалакнинг гардиши, замонанинг зайли билан талабалар вакили ҳам Университет кенгашига аъзо сифатида сайланадиган давр­лар бўлди. Ўқиш ва унинг ўзига хосликларини журналистика факультети мисолида кўриб, хулоса қилиб юрган биз каби толиби илм учун ТошДУ олий органи бўлмиш Кенгашда талабалар вакили сифатида иштирок этиш бошқа бир дунёни очиб берганди. Маълум бўлдики, Кенгашда дорилфунуннинг муаммоларидан тортиб, янги илмий тадқиқотлар мазмунигача бўлган масала ва муаммолар таҳлил этилар экан.

Бир гал оддий сувдан олтин олиш устида ишлаётган олимлар гуруҳи раҳбари тадқиқотларни самарали ўтказиш учун факультет ҳожатхонаси ёнидаги «умивальник»дан фойдаланаётганини айтиб, Кенгашдан илмий изланишлар учун шароит яратиб беришни илтимос қилди. Қаранг, ўзбек олимлари қувурдан оқадиган оддий сувдан олтин олиш «формуласи»ни яратишибди!

Бошқа олимлар гуруҳи қоронғиликда узоқни кўрсатадиган мослама қуришибди. Иккала янгилик ҳам давлат сири бўлгани учун ёритишга изн беришмаган бўлса-да, шундай кашфиёт қилиш салоҳиятига эга иқтидорли олимларимиз борлигини дилдан ­англаганмиз. Лекин Кенгашда кўрилган чиқиндисиз маҳсулот ишлаб чиқарадиган, бугунги тил билан айтганда, кластер яратиш бўйича технология муаллифлари оддий талабанигина эмас, Кенгашда иштирок этган катта олимларни ҳам ҳайратга солгани ёдимизда. Унда оддий математик ҳисоб-китобдан тортиб компьютер ҳисоблайдиган алгоритмгача, биологиядан тортиб зоология, тупроқшунослик, кимё, агрономия ва яна биз тушунмайдиган соҳа мутахассисларигача иштирок этишган. Деҳқончасига айтганда, зотдор қорамоллари бор ферма ташкил этилади, унинг учун ажратилган ерда керакли (донли, донсиз) ўсимликлар экилади (рўйхати ва миқдори, агротехникаси ишлаб чиқилган). Бир томонда бўрдоқичилик (халқ дастурхонига гўшт маҳсулотлари бериш ва насл яратиш учун), бошқа томонда сут маҳсулотлари — сут, қаймоқ, сметана, сариёғ (боғча болалари ва дўконлар пештахтасига) ишлаб чиқарилади. Ҳатто, нурилардан ерни қувватлантириш, шарбат сувида ишлатиш, қисқаси, чорвадан ортадиган нишхўртгача сарфланадиган жойи белгиланган — чиқиндисиз хўжалик. Энг асосийси, анчагина одам иш билан банд, илмий ходимлар доимий кузатадилар, ветврачларнинг ўрни алоҳида. Ўшанда олимлар шу тадқиқот рўёби учун маб­лағ ва шароит сўрашгани ёддан чиқмайди. Агар бундай илмий ишлар ишлаб чиқаришга татбиқ этилганда эди, ҳозир Голландия технология­­си ҳам қаерлардадир қолиб кетарди…

Булар мустақиллик арафасида ўқиган талаба-журналистнинг кузатишлари бўлса-да, фурсат ғаниматда бир фикримни билдириб ўтай. Жамоатчилик билиб-билмай олим кўпайиб кетаётганидан нолиётган бўлса-да (албатта, бир-иккита хашакиси борлигини инкор этиб бўлмайди), ҳозир ҳам залворли илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда, шунинг учун ижро ҳокимиятида ҳақиқий олимларнинг тадқиқоти, таҳлили натижасида берилаётган хулосаларга эътибор қиладиган, ишлаб чиққан янги таклифларини ҳаётга татбиқ этадиган мукаммал механизм ишлаб чиқилиши зарур. Акс ҳолда, ақлларнинг четга оқими кучаяди ёки ғоялар арзимас хориж грантлари эвазига бошқаларникига айланади…

Мақола аввалида келтирган мисолимиз каби бир-икки адашганлардан ташқари, бу дорилфунун ҳақида ҳар бир битирувчининг ўз айтар сўзи, хотираси, унга бўлган меҳри-муҳаббат борлиги, шубҳасиз. Биз ҳам муҳаб­батлилар армияси сафида! Хулоса ҳам унга хос — буюк мутафаккиримиз Мирзо Улуғбек номини олган, улуғ жадид бобомиз Мунавварқори асос солган ва бугун ўзининг 105 йиллигини нишонлаётган Ўзбекис­тон Миллий университетида таҳсил олганимдан доимо ФАХРЛАНИБ ЯШАЙМАН!

Ҳалим САЙИД,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби,
филология фанлари доктори