Президентнинг ПҚ-222-сонли қарори билан аския ва қизиқчилик санъати соҳасида таниқли ижодкорларнинг маҳорат мактаблари фаолияти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, ушбу қарорда белгиланган тартибда ўзининг маҳорат мактабини яратган ижодкорлар асосий иш жойи орқали ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари (4 млн 900 минг сўм) миқдорида қўшимча рағбатлантириб борилади.
Маҳорат мактабларига улар фаолият юритадиган муассаса объектларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилиб, уларга ушбу муассаса томонидан алоҳида хона ажратилади.
Шунингдек, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ҳам ташкил этилади. Ҳар йили сўз усталари ва қизиқчилар ўртасида “Хуш кайфият” республика кўрик-танлови ҳамда икки йилда бир марта “Табассум” халқаро кулги фестивали ўтказиб турилади.
Йилига камида 25 та аудиовизуал асар яратиш учун давлат буюртмаси берилади. Бунда энг кенг оммалашган 5 та аудиовизуал асар ижодкорлари БҲМнинг 50 баравари (16 млн 650 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Шу билан бирга, давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ҳар чоракда камида бир маротаба ўз ходимларининг маданий-эстетик ҳордиқ чиқаришлари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилади.
2024/2025 ўқув йилидан Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи ҳамда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида “Аския ва қизиқчилик санъати” йўналиши очилади.



