Жорий йилнинг 24-25 январь кунлари Ўзсаноатқурилишбанк вакиллари Ўзбекистоннинг етакчи банк-молия институтлари бир гуруҳ мутахассислари билан бирга “Mashreq Bank”(БАА) томонидан Дубай шаҳрида ўтказилган роуд-шоу(“Non-Deal Roadshow”)анжуманида иштирок этди.
2021 йил 26 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Иккинчи Халқаро молия-банк форуми доирасида Ўзсаноатқурилишбанк “Mashreq Bank” билан ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Унда томонлар ўртасида Ўзбекистон банк-молия соҳаси вакиллари учун роуд-шоу (Non-Deal Roadshow)ташкил этишга келишиб олинганди.
Анжуманда кўплаб халқаро банклар ва инвестицион компаниялар, жумладан, Abu Dhabi Commercial Bank (БАА), National Bank of Ras Al-Khaimah (БАА), Dubai Islamic Bank (БАА), Sharjah Islamic Bank (БАА), Pasha Bank (Озарбайжон), Bank of Baroda (Ҳиндистон), Banque Misr (Миср), Habib Bank (Покистон), Bank of Jordan (Иордания), United Arab Bank, BBK (Баҳрайн), Saudi National Bank (Саудия Арабистони), Commercial Bank of Qatar (Қатар), Doha Bank (Қатар), ICBC (Хитой), State Bank of India (Ҳиндистон) ва Banque du Caire (Миср) вакиллари қатнашди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида Яқин Шарқ банк сектори вакиллари, портфель бўйича инвесторлари, инвестицион ва бошқарувчи компаниялар билан манфаатли битимлар имзолаш имкониятини яратиш мақсадида якка тартибдаги учрашувлар ҳам ўтказилди.
Шунингдек, Банк ходимлари “Mashreq Bank”нинг филиал тармоқлари мижозлари ва ходимлари учун яратилган шароитлар билан танишди.
Таъкидлаш жоиз, трансформация жараёнида Ўзсаноатқурилишбанкни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири – бу халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг инвестициявий жозибадорликни ошириш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда турли йўналишларда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Маълумот учун:“Mashreq Bank” – БААнинг энг илғор банкларидан бири ҳисобланади. У Яқин Шарқдаги таъсири кучайиб бораётган етакчи молиявий муассаса бўлиб, Европа, Осиё, Африка ва АҚШда ўз офисларига эга. 1967 йилда Дубай шаҳрида ташкил топган мазкур банкЯқин Шарқ капитал бозорида синдикатив заёмлар ва амалиётларнинг етук ташкилотчиларидан бири бўлиш баробарида, минтақада энг муҳим инвестицион банк амалиётларини ҳам бажаради.
Роад-шоу – бу минтақа ёки мамлакатлар бўйлаб саёҳат бўлиб, унда тадбиркорлар инвесторлар ва йирик мижозлар билан шахсий учрашувлар ўтказадилар.
Ўз мухбиримиз



