Писанд қилинмаган

1323

Фотима Тоғаева ўтган йилнинг май ­ойида Қўшработ тумани халқ таълими бўлимининг 33-сонли буйруғи билан тумандаги «Баркамол авлод» болалар мактаби директори ўринбосари лавозимига тайинланиб, мутасаддилар иштирокида таништирув маросими ҳам ўтказилган эди.

Таассуфки, мазкур тадбирда номаълум сабабларга кўра, мактаб директори Н.Ўташев иштирок этмайди. Шу-шу раҳбарлар ўртасидан «оламушук» ўтади. Таажжубли томони шундаки, мактаб раҳбари ўринбосарга иш шароити яратиб бермаган. Турли важ-карсонлар кўрсатиб, табелга ҳам киритмаган.
Натижада Ф.Тоғаевага ойлик маош тўланмайди. Раҳбарият муносабатидан ранжиган ўринбосар вазиятни юмшатишни сўраб, юқори ташкилот – халқ таълими бўлимига мурожаат қилади. Шундан сўнг «Баркамол авлод» болалар мактабидаги вазият ХТБнинг икки мутахассиси томонидан ўрганилган.
Комиссия тузган далолатномада ҳам мактаб раҳбарияти томонидан Ф.Тоғаевага алоҳида хона ажратилмагани, раҳбар Н.Ўташев уни ишга қўймаётгани баён этилган. ХТБ аралашуви билан Фотимага касаллик варақаси ва маълум муддатли иш ҳақлари тўлаб берилган. Аммо раҳбар тўнини батамом тескари кийиб олиб, ХТБ буйруғини тан олмасдан келган.
Тайинланган вазифага киришиш, уни уддалашнинг аччиқ азобини тортган, сунъий тўсиқларга учраган Фотима Тоғаева касаба уюшмаларига мурожаат қилди.
– Ишга кириб, касб-коримдан рўшнолик кўрмай, касал бўлиб қолдим, – дейди Фотима Тоғаева. – Мактаб раҳбарияти томонидан менга муттасил босим ўтказиб келинди.
Бугун вазият ўзгарди. «Баркамол авлод» болалар мактабига янги раҳбар тайинланди. Касаба уюшмалари аралашуви билан Фотима Тоғаева ҳам ўз вазифасига тикланди.

Улуғбек ҒАНИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти
кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори