Барчамизга маълумки, ёшлар истеъдодларини ва турли соҳаларда эришаётган ютуқларини намоён этишлари учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар, қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ақлли ва заковатли йигит-қизларимиз бундан руҳланиб, жаҳон миқёсидаги барча жабҳаларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда.
Мен ҳам айнан шундай ёшлар сафида эканлигимдан беҳад фахрланаман. Аввало, ўзимни таништирсам, оддий оилада таваллуд топганман ва отамдан эрта айрилганман. Ёлғиз онам мени улғайтириб вояга етказди, ўқиб билим олишим учун барча қулайликларни яратиб берди. Менинг вазифам эса, ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, Ватаним учун нафим тегадиган фарзанд бўлиш эди.
Хуллас, физика, астрономия фанларига бўлган қизиқишим ва педагогик қобилиятим мени олий ўқув юртига етаклади. 2020 йили Навоий давлат педагогика институтига ўқишга қабул қилиндим.
Бора-бора илм йўли қанчалик машаққатли бўлса, унинг меваси шунчалар тотли бўлишини англаб етдим. Шу-шу илм-фан соҳасида янгилик қилиш ва изланишлардан тўхтамай, ўз иқтидоримни намоён этиб келмоқдаман.
Илмий раҳбарим – профессор И.Камалов бошчилигида «Физика ва астрономия фанини ўқитишда математик амаллардан фойдаланиш” мавзусида тадқиқот олиб бордим. Натижаси чакки бўлмади. Эндиликда ўттизга яқин илмий мақолам ва қарийб ўнта услубий қўлланмам тенгқурларим ва мактаб ўқувчилари томонидан катта қизиқиш билан ўқиб ўрганилмоқда. Замонавий компьютер технологияларидан етарлича тажрибага эга эканлигим сабабли олтита электрон ўқув қўлланма яратдим. Барчаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг Саноат намуналари бўлими томонидан ЭҲМ учун дастурлар расмий рўйхатидан ўтказилган. Улар орасида мактаб ёшидаги болалар учун қизиқарли физик тажрибалардан, астрономик луғатлар ҳақида маълумот берувчи дастурий платформалардан физика ва технологик таълим йўналиши талабалари мунтазам равишда фойдаланиб келишмоқда .
Мен жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси стипендианти бўлганимдан жуда хурсандман. Айниқса, ўзимни вояга етказаётган ёлғиз онамнинг қувончи чексизлигидан ғурурланаман. Устозларимга ҳам чин дилдан раҳмат айтаман. Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз ёшларга, айниқса, қизларга кенг имкониятлар яратиб бераётган бир пайтда мен шундай стипендияга лойиқ кўрилдим. Бу оддий оила фарзанди бўлсам-да, ўқисам ва астойдил интилсам, самарали натижаларга эриша олишимга қалбимда ишонч уйғотди. Бунинг учун, албатта, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Навоий вилояти Кенгаши раҳбариятига самимий раҳмат айтаман. Ўзимга билдирилган юксак ишончни келгусида ҳам оқлашга ҳаракат қиламан.
Нилуфар НАМОЗОВА,
Навоий давлат педагогика институти
Физика ва технологик таълим
факультетининг 2-босқич талабаси



