Қалб ярасига малҳам инсонла

100

Жонажон юртимизда ҳамма ва ҳар ким эътиборда. Барчанинг истак ва фикрлари инобатга олинади. Ғамхўрлик ва меҳр кўрсатиш ўзгача.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 25 мартдаги «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат” ва “Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони асосида амалга оширилган ишларнинг қай даражада самара бераётгани билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Тошкент вилоятидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда Пресс-тур ташкил қилди.
Журналистлар эрта тонгдан Ангрен туманидаги » Реабилитациялаш ва протезлаш» марказига йўл олишди. Манзилга етгач, меҳмонларни марказнинг бош шифокори Гавҳар Шониёзова ҳамда бир гуруҳ шифокорлар илиқ кутиб олишди. Марказдаги шарт-шароитлар билан танишиш ногиронлиги бўлган беморлар учун алоҳида 50 ўринга мўлжалланган бинони кўздан кечириш билан бошланди. Беморларнинг соғлигини текшириш ва даволашда хизмат қиладиган тиббий ускуналар грант асосида Хитой ва Япониядан келтирилган экан.
Муолажа хоналарида ҳам беморларнинг машқ қилиш жараёнлари ўзгача. У ерда қўл ва оёқ машқлари учун алоҳида замонавий асбоблардан фойдаланилар экан. Физиотерапия муолажалари ҳам ўз вақтида, сўнгги русумдаги даволаш асбоблари билан ўтказиларкан. Булардан ташқари, доимий машғулотлар учун спорт зал ҳам мавжуд.
Даволанаётган беморларнинг марказга келганига кўп бўлмаган, лекин натижа юқори даражадалиги сезилиб турибди.
Беморлардан ҳол-аҳвол сўраш учун хоналарга кирганимизда, деворлардаги «Мен тузалишни хоҳлайман», «Мен кучлиман» деган ёзувлар кайфиятни кўтаришига гувоҳ бўлдик. Қайси бемор билан суҳбатлашмайлик, шифокор ва ҳамшираларнинг меҳрибон ва очиқкўнгил эканини мамнун бўлиб айтишди.
Маданият ва маърифат хонасида жаҳон адабиётига оид энг сара асарлар ҳамда газета-журналлар жамланган. У ерда беморлар хоҳлаганича мутоалаа қилиши, ҳаттоки китобни ўз хоналарига олиб чиқиши ҳам мумкин экан.
Ҳовлида даволанувчиларнинг табиат манзарасини томоша қилиб, руҳий дам олишлари учун махсус айвончалар қурилган. Атрофга мевали дарахтлар ва гуллар экилган.
Малакали ва аҳил жамоанинг беминнат хизмати ва ўз вақтида қилинаётган муолажалар натижасида марказдаги беморларнинг ҳолати тез фурсатларда яхши томонга ўзгараётганлигига гувоҳ бўлдик.
Тадбир сўнггида беморларга ҳар томонлама шифо улашаётган марказдаги фидойи инсонларга ўз миннатдорлигимизни билдирдик.

Марҳабо Абдуҳамидова