Ижтимоий шериклик тамойиллари асосида

61

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдаги ижроия қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий ­бошқармаси ҳамда касаба уюшмалари ўртасида 2020-2022 йилларга мўлжаллаб имзоланган ҳудудий келишувнинг 2021 йилдаги ижроси муҳокама этилди.
Бугунги кунда ҳудудда аҳоли банд­лигини таъминлаш, ишсизлик муаммоларини ҳал этиш борасида изчил чоралар кўрилмоқда. Биргина тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлат жамғармаси ҳисобидан 100 миллиард сўмдан зиёд компенсация маблағлари ажратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга 866 миллиард сўмлик кредит маблағлари сарфланган. 11 минг 426 нафардан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар ўқитилиб, ишбилармонлик қобилияти юксалтирилди.
– Ижтимоий шериклик тамойилларига асосланган ҳудудий келишув ҳар учала томонга ҳам алоҳида масъулият юклайди, – деди вилоят ҳокимлиги вакили Акбар Қодиров. – Айни чоғда ҳамкорликда ҳал қиладиган масалалар ҳам оз эмас. Яширмаймиз, айни чоғда вилоятимизда истиқомат қилаётган 217 минг 400 нафар фуқаро турли мамлакатларда ишламоқда. Улар орасида иқтидорлар, ноёб касб соҳиблари ҳам бор. Эндиликдаги вазифа, қаноатлантирадиган иш таклиф қилиш орқали уларни оиласи бағрига қайтаришдир.
Муҳокамаларда энг ишончли ижтимоий кафолат бу бандлик эканига урғу берилди. Ҳудудда бунга имкон бор. Хусусан, Ургут эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналари орқали истиқболли лойиҳалар ўзлаштирилмоқда. Ўтган йил ушбу зонада 286 миллион долларлик 60 та лойиҳа ишга туширилган бўлса, кичик саноат зоналари бўйича 92 та лойиҳа ўзлаштирилиб, 380 миллиард сўмлик инвестиция киритилган. Натижада минглаб одамлар муносиб шароитли иш ўринларига эга бўлмоқда. «Бир маҳалла – бир маҳсулот» ташаббуси ижросидан ҳам фуқаролар мамнун. Вилоятнинг 10 та туманида захирада фойдаланмаётган 184 гектар ер майдонида 23 та кооперация ташкил этилди. Бу эса 876 нафар ишсиз фуқарони фойдали юмуш билан банд қилди.
Ижроия қўмита йиғилишида уч томонлама ҳудудий келишув ва кун тартибига киритилган барча масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»