Янги навлар яратилмоқда

106

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Фанлар академияси олимлари томонидан яратилаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг амалиётга жорий қилиниши ва шу йўналишда амалга оширилаётган илмий изланишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда қишлоқ хўжалиги экинларининг янги унумдор, ҳосилдор ва ҳудудимиз иқлим шароитларига чидамли турлари ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти томонидан 53 та ғўза, 5 та буғдой ва 6 та соя навлари яратилган.
Яқин йилларда Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази томонидан қатор ғўза ва буғдой навлари яратилди. Илк бор замонавий генетик инженерия услублари (РНК интерференция) асосида 9 та ғўза, 1 та буғдой навлари қишлоқ хўжалигига татбиқ қилинди. Ушбу марказда янги навларни яратишда замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланилади. Бу эса тадқиқотларнинг қисқа муддатларда натижадорлигини таъминлайди.
Мамлакатимиз пахта толасини импорт қилаётгани сабабли, ҳозирда ғўзанинг кўп толали турлари устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ғўзанинг “Порлоқ” ва “Равнақ” навлари шу изланишлар самарасидир.
Аҳолини сифатли дон маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида олимлар томонидан юртимизда авваллари экиб келинган ғалланинг тўйимли ва сифатли навлари ўрганилиб, амалиётда синаб кўриш жараёнлари бошланган.
Академия институтлари томонидан инсон саломатлигига фойдали бўлган соянинг маҳаллий ҳудудга мос навлари ўрганилиб, амалиётга татбиқ қилиш жараёнлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси мутасадди ва олимлари мухбирларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Умида Худойберганова,
“ISHONCH”