Беш кунлик дам олиш завқи

111

 Рамазон ҳайити айёми муносабати эълон қилинган беш кунлик дам олишда Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган қатор идора ва ташкилотлар ходимлари, касаба уюшма аъзоларининг юртимиз бўйлаб саёҳати ташкил этилди.

Хусусан, Бухоро Мурувват ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи  касаба уюшма қўмитаси кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб уюштирган саёҳат ишчи-ходимларга бир олам завқ улашди.

– Тарбиячиларнинг табиат бағрида дам олиши уларни ҳар кунги оғир ақлий меҳнат фаолиятидан бироз бўлса-да чалғитади, янги куч билан ишга қайтишига ёрдам беради, – дейди ташкилот касаба уюшма қўмитаси раиси Дилноза Усмонова. – Шу сабабли бу каби тадбирларни уюштиришга алоҳида эътибор билан тайёргарлик кўрамиз. Бу гал ҳам ходимларнинг хоҳиш-истагига кўра Самарқандга қилган саёҳатимиз кўнгилдагидек кечганини ишчиларнинг кўтаринки кайфиятларидан англаб олдик.

Агросаноат мажмуи ходимлари  касаба уюшмаси Ромитан туман кенгашига қарашли бошланғич касаба уюшмаларининг 70 нафар аъзоси Қашқадарё вилоятининг “Минг чинор” ҳамда “Мираки” дам олиш масканларида ҳордиқ чиқарди.

– Қашқадарёнинг ўзига хос сўлим табиати киши қалбига аллақандай сокинлик бағишлайди, – дейди саёҳат қатнашчиларидан бири Дилноза Усмонова. – Фарзандларимиз ҳам тоғларнинг мусаффо ҳавоси, хушманзара табиатидан баҳраманд бўлишди. Вилоятимизнинг қуруқ ва иссиқ иқлимидан бироз бўлса-да четлашиб, табиатнинг сеҳрли қучоғида дам олганимиз кайфиятимизга ижобий таъсир кўрсатди, албатта. Ташаббускорлардан миннатдормиз.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, беш кунлик дам олиш кунлари вилоятда фаолият юритаётган касаба уюшма аъзоларининг 892  нафари Самарқанд, 90 нафари Хива, 1810 нафари Шаҳрисабз, 680 нафари “Етти пир” зиёратгоҳларига, 295 нафари Жиззах ҳамда 200 нафари Навоийга саёҳатга чиқишди.

Дилдора ИБРОҲИМОВА,

“ISHONCH”