20 май Бутунжаҳон метрология куни муносабати билан Ўзбекистон миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Миллий метрология институти раҳбарияти иштирокида «20 май Бутунжаҳон метрология куни: рақамли эрада метрология» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда тизимда амалга оширилаётган ишлар, аҳолига яратилаётган қулайликлар ҳақида сўз борди. Ҳозирги кунда маиший ҳисоблагичларни қиёслаш билан боғлиқ ишлар Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш орқали амалга оширилмоқда. Тизим фаолиятида шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолини ортиқча оворагарчиликлардан халос этиш мақсадида metrologiya.nim.uz дастурий таъминоти ишлаб чиқилиб, ягона давлат хизматлари порталига қўшилган. Бунда мурожаат қилувчи, яъни истеъмолчи ўзининг махсус рақами орқали метрология хизмати жараёнини кузата олади. Янги электрон тизим орқали ҳисоблагичлар сертификати ёки хабарномаси электрон базада сақланади.
Эндиликда соҳада «Рақамли Ўзбекистон-2030» доирасида «e-metrologiya» ахборот тизими йўлга қўйилиб, мижозлардан мурожаатлар қабул қилиш ва шартномалар тузиш электрон шаклда амалга оширилмоқда. Бу тизимни тўлиқ рақамлаштиришга ва хизматлар тезкорлигини оширишга хизмат қилади.
Умида Худойберганова,
ishonch.uz



