Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг учрашуви

161

Тошкентда Ўзбекистон томони раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 19-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият соҳаси ривожи учун масъул идоралар раҳбарлари ва ташкилот Бош котиби Чжан Мин иштирок этди.

Томонлар дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитида ўтган давр мобайнида маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирларининг аввалги учрашувлари доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, маданиятлар хилма-хиллигини сақлаб қолиш ва ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг маданияти, урф-одатлари ва анъаналари ҳақидаги билимларни кенгайтириш мақсадида кино, театр, кутубхона ва музей соҳасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишдан манфаатдор эканликларини қайд этдилар.

Қўшма маданий тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини тасдиқладилар ва кузатувчи давлатлар ҳамда ШҲТнинг маданият ва санъат соҳасида мулоқот бўйича шериклари билан икки томонлама ва кўп томонлама асосда ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.

19-20 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар туризм маъмуриятлари раҳбарлари учрашувида Варанаси шаҳри (Ҳиндистон Республикаси) номзодини “ШҲТ давлатларининг сайёҳлик ва маданий пойтахти” мақомига тасдиқлаш тўғрисида қабул қилинган қарорни олқишладилар.

ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг маданий-тарихий меросини асраб-авайлаш соҳасида алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида сан’ат фестиваллари, танловлар, форумлар, илмий анжуманлар ва бошқа турдаги маданий тадбирларни ўтказишга кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Таълим, маданият ва санъат соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини қайд этдилар.

Томонлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасида музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум лойиҳасини маъқулладилар  ва ШҲТ Котибиятидан 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасида уни имзолаш масаласини белгиланган тартибда ҳал этиш учун ШҲТга аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этишни сўрадилар.

ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг йигирманчи йиғилишини 2023 йилда Ҳиндистон Республикасида ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Учрашувнинг аниқ санаси ва жойи ШҲТ Котибияти орқали дипломатик каналлар орқали келишиб олинади.

Шоҳира ҲАМРО