Маҳалла раислигига сайловлар давом этмоқда

164

Айни кунларда мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислигига сайловлар бўлиб ўтмоқда. Унда жами 9 349 нафар маҳалла раиси сайланиши кўзда тутилган.

Республика миллий матбуот марказида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда сайлов жараёнларининг бориши, уларда сайлов тамойиллари – ошкоралик, тенглик ва шаффофликка амал қилиниши каби масалаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Сайловларни рисоладагидек ўтказиш мақсадида ҳудудларда 14 та кўмаклашувчи комиссия тузилган. Маҳалла раислари лавозимига кўрсатилган 39 661 нафар номзоддан бошқарув кўникмаларига эга бўлган 26 910 нафар номзод танлаб олинган.

Шу кунгача 2899 та (31,0%) маҳаллада 609 906 нафар фуқаро иштирокида сайловлар ўтказилди. Уларда 2884 нафар маҳалла раиси сайланди.

Раисларнинг 311 нафари аёллардан, 126 нафари маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат. Бу иш самарадорлигининг ошишига, маҳаллаларда мавжуд муаммо ва турли масалаларнинг ҳокимиятларга олиб чиқилишига замин яратади.

Маълумки, маҳалла институти ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маълум бир ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий, маданий, диний ва бошқа масалаларда мустақил иш олиб борувчи ижтимоий тузилмадир. Ўтказилаётган сайловлар келгусида айнан шу мақсадларга хизмат қилиши керак.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,

“ISHONCH”