Адиб нафасини ҳис этиб…

123

Абдулла Қаҳҳор уй-музейи таассуротлари

 

Биз бўлажак журналистлар кўпроқ ўқиб-изланишга ҳаракат қиламиз. Жумладан, китоб мутолаасига алоҳида меҳр қўйганмиз. Шу сабаб асарларини иштиёқ билан мутолаа қиладиган адибларимиз ҳақида ҳам янада кўпроқ билишга қизиқамиз.
Мен атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор асарларининг шайдосиман. Ёзувчининг асарларини ўқир эканман, унинг ҳаёт ва ижод йўли ҳам мени қизиқтиради. Адиб ҳақида кўпроқ билишни истайман.
Шу истак яқинда мени Абдулла Қаҳҳор уй-музейи томон етаклади. “Тошкент” метросининг “Космонавтлар” бекатидан чиқиб, “Юнус Ражабий” кўчаси томон буриларкан эман, мўъжаз масканга кўзим тушди. Бу мен кўзлаган манзил — Абдулла Қаҳҳор уй-музейи эди.
Даргоҳга кираркан эман, Абдулла Қаҳҳор нафасини ҳис қилдим. Ижодкорнинг бир-биридан қизиқарли асарларининг қаҳрамонлари кўз олдимдан ўта бошлади. Адиб яшаб ижод қилган масканга ташриф буюриш, у нафас олган ҳавода нафас олиш менга ўзгача ҳиссиёт бағишларди.
Абдулла Қаҳҳор 10 йилдан ортиқ яшаган ва ижод қилган уйда 1988 йил уй-музейи очилган экан. Уй-музей 4 та хона, айвон ва асосий кириш йўлагидан иборат. Музей фондида 4498 та экспонат бор. Уларнинг ичида китоб, ҳужжат, магнитофон ёзувлари, қўлёзма, фотосуратлар мавжуд. 2 та хонада адибнинг бой мероси жой олган.
Музейнинг Абдулла Қаҳҳор ҳаёти, ижоди, мероси номли бўлимлари бўлиб, унинг 1-бўлими адиб ҳаёти ҳақида ҳикоя қилса, 2-бўлимидан ёзувчининг ижодий фаолияти, ҳикоя ва фельетонларининг қўлёзмалари жой олган экан. 3-бўлимда эса адибнинг мукофотлари, дипломлари ҳамда эсдалик буюмлари жой олган.
Бу масканда адиб рафиқаси Кибриё Қаҳҳоровага олиб берган тикув машинаси ҳамда отаси ўз қўллари билан ясаган темирчилик асбоблари ҳам жой олган.
Мен музейдан ўзгача таассуротлар билан қайтдим.
Азиз тенгдошларим, сиз ҳам маърифат чашмасидан баҳра олинг!
Маржона БОТИРОВА,
ЎзЖОКУ талабаси