Сувни тежаш технологиялари “бир канал – бир тизим” тамойили асосида шакллантирилади

139

Сувни тежаш технологиялари “бир канал – бир тизим” тамойили асосида шакллантирилади.

Бу ҳақда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган анжуманда таъкидлаб ўтилди.

Қайд этилишича, бу борада Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан янги тартиблар белгиланган.

Қарорга биноан, жорий йилда сув тежайдиган технологияларни йирик сув узатиш ва сув чиқариш тармоқларининг бош қисмида, “бир канал – бир тизим” тамойили асосида 230 минг гектарда, шу жумладан, 160 минг гектар майдонда – томчилатиб суғориш, 28 минг гектар майдонда – ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискретли суғориш ҳамда 218 минг гектар экин майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилган.

Ҳозирда 2 866 та қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларининг 94 минг гектар майдонида, жумладан, 2 391 та талабгорнинг 82,5 минг гектар майдонида – томчилатиб суғориш, 475 та талабгорнинг 11,5 минг гектар майдонида – ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

 Маълумот учун:

Томчилатиб суғориш – сувни махсус қувурлар ёрдамида бевосита ўсимликларнинг  илдизлари атрофига кичик меьёрларда томизиб суғориш.

Ёмғирлатиб суғориш –  сувни тупроқ юзи ва ўсимликка махсус машина ва қурилмалар ёрдамида сунъий ёмғир шаклида етказиб бериш ҳисобланади.

 

Шунингдек, тадбирда маълумот берилганидек, республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш саноати кенгайиб, уларнинг сони 45 тага етказилган. Бу эса бутловчи қисмлар таннархини хориждан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15-20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5-7 миллион сўмга арзонлаштириш имконини бермоқда.

Рашида НОРБОЕВА,

ЎзДЖТУ талабаси