Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши ҳамда Россия Федерациясининг Свердловск вилояти касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланган эди. Шунга биноан, жорий йилнинг 11-13 июнь кунлари Челябинск шаҳрида “Касаба уюшмаларининг инновацион дастурлари” мавзусида касаба уюшмаларининг XII Ёшлар йиғини ўтказилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг марказий аппарати ва Хоразм вилояти кенгаши масъуллари ҳам қатнашдилар.
Анжуман доирасида режалаштирилган тадбирлар Челябинскдаги “Сеҳрли шаҳарча” (“Вольшебний городок”) пансионатида бўлиб ўтди. Дастурга мувофиқ, маданий-маърифий мулоқотлар ва спорт ўйинлари уюштирилди. Жумладан, “Касаба уюшмалари ҳаракатининг долзарб масалалари ва унда ёшларнинг ўрни” мавзусида ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.
Тадбирларда сўзга чиққанлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келаётганини, у ёшлар учун ташкиллаштираётган турли танловлар ва акциялар россиялик касаба фаолларида ҳам катта қизиқиш уйғотаётганин алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, ёшлар манфаатлари жамоа келишуви ва шартномаларида алоҳида бобда ўз ифодасини топганини юқори баҳолашди.
Ташриф давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд ва Хива каби қадимий ва диққатга сазовор шаҳарлари ҳақида қисқача маълумотлар берилди ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Пировардида ушбу тадбир иккала томон учун ҳам самарали тажриба алмашиш мактаби вазифасини ўташи алоҳида уқтирилиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда касаба уюшмаларининг мавқеини янада юксалтириш юзасидан ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқиш хусусида келишиб олинди.
Бахтиёр ИСМОИЛОВ.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Хоразм вилояти кенгашининг
Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси



