Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатларида янги давр

899

     Озарбайжон  ва  Ўзбекистон  ўртасидаги  дипломатик  муносабатлар ҳақида гап кетганида, икки давлат дўстлик ришталарига  мустаҳкам асос солган инсон –  Миллий  етакчи Ҳайдар Алиев беихтиёр ёдга тушади.

Кечагидек эсимда. Озарбайжон халқи умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг 1997 йилда Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб берганди. Ташриф давомида 19 хил ҳужжат имзоланиб, бу ўша давр учун жуда муҳим воқелик эди. Мазкур ҳужжатлар орасида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, дўстлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги шартнома муҳим аҳамият касб этганди. Имзоланган ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик учун мустаҳкам фундаментал асос яратганди.

Умуман олганда, ушбу ўзаро ташрифлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ўзаро савдо, транспорт ва энергетика масалаларини кўпайтириш, гуманитар ва маданий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолияти мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Шу кунгача икки давлатимиз ўртасида турли соҳаларни қамраб олган 100 га яқин ҳужжат имзоланган.

Шу кунларда ҳам Президент Илҳом Алиев расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Икки давлат ўртасида “Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларация”, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва транспорт, иқтисодиёт ва мудофаа соҳаларига оид ҳужжатлар имзоланди.

Айтишим мумкинки, Ўзбекистон давлати сўнгги пайтларда ўз тараққиёти билан бошқа мамлакатларни лол қолдирмоқда. Мен ўзим ҳам сал аввал бир дўст мамлакатга ташриф буюрган эдим ва кўрганларимдан жуда хурсанд бўлдим.

Хусусан, Ўзбекистонга сармоя жалб этилаётгани, амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари, таълимга берилаётган юксак эътиборни алоҳида таъкидламоқчиман. Ўйлайманки, Туркий давлатлар ташкилотининг етакчи давлати, Озарбайжоннинг стратегик шериги бўлган қардош Ўзбекистоннинг тараққиёти муваффақиятли давом этади, мамлакатларимиз ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилда Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма сайёҳлик ярмаркасини ўтказишни таклиф қилди. Мамлакатларимиз жуда бой маданий мерос, қадимий обидалар ва тарихга эга. Ўйлайманки, туризм соҳасида қўшма тадбирларнинг амалга оширилиши ҳар икки давлатнинг иқтисодий салоҳиятига ижобий туртки беради. Озарбайжон сайёҳларининг Ўзбекистонга келиши билан бирга, 35 миллионга яқин аҳолига эга ўзбекистонлик сайёҳларнинг Озарбайжонга келиши ҳам мамлакатимиз туризм бозорини сезиларли жонлантиради. Мамлакатимизга ўзбекистонлик сайёҳларни жалб этиш нафақат иқтисодий манфаатли, балки, алоқаларимизни ҳам янада мустаҳкамлайди.

Бу ташриф юксак самаралар беришига ишонаман. Ўйлайманки, бундан буён икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳақиқий жиддий силжишлар бўлади.

 

Мушфиқ  ЖАФАРОВ,

Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати,

“Озарбайжон-Ўзбекистон” парламентлараро

алоқалар бўйича ишчи гуруҳи аъзоси