Фарғона туманининг Шоҳимардон қишлоғидаги «Ипакчи» болалар оромгоҳи 1998 йилгача ишлаб, кейин буткул ёпилган эди.
Орадан 24 йил вақт ўтиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг ташаббуси билан ушбу оромгоҳ шоҳимардонлик ўғил-қизлар учун «Шоҳимардон» номи билан ўз эшикларини қайта очди.
Тўрт томони тоғ билан ўралган сўлим оромгоҳда болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган.
– Жорий мавсумда 3 навбатда фаолият юритиши режалаштирилган оромгоҳда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғи ва туманимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар мароқли дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлайди, – дейди оромгоҳ раҳбари Элнора Бакирова. – Бугун уларнинг 80 нафари оромгоҳга қабул қилинди.
– 24 йил давомида фаолият юритмаган оромгоҳни қайтадан ишга тушириш учун, аввало, катта меҳнат қилинди, ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш юмушлари олиб борилди, мавжуд бинолар тўлиқ таъмирдан чиқарилди, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Шохидахон Каримова. – Аҳамиятли томони оромгоҳга соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари билан бирга, ҳудуддаги эҳтиёжманд, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари дам олдирилади. Шу сабабли ҳам барча йўлланмалар бепул.
– Шоҳимардон қишлоғида болалар оромгоҳининг очилиши қувончли воқеа бўлди, – дейди Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Илҳомжон Тошпўлатов. – Бу хайрли иш бутун шоҳимардонликларнинг қалбига қувонч олиб кирди. Чунки, улар бу кунни орзиқиб кутишган эди.
– Оромгоҳ очилишини эшитиб, неварамни олиб келдим, – дейди Хадичахон Охунова. – Шароитлар билан танишдим. Аъло даражада. Бунинг учун касаба уюшмаларидан миннатдормиз.
– Қишлоғимизда мана шундай чиройли оромгоҳ очилганидан хурсандман, – дейди Дилором Мирзакамолова. – Бу ердаги шароитлар менга ёқди. Дўстларим билан бирга рақс, мусиқа, рус тили тўгарагига қатнашмоқчиман.
Шу куни болажонларга Фарғона вилояти стоматологияси поликлиникаси томонидан гигиеник воситалар совға қилинди.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»



