Янги бадиий фильм премьераси

75

Бугун соат 18:00 да Тошкентдаги «Киночилар уйида» ўзбек киноихлосмандлари узоқ кутган «Аёл қисмати» фильмининг премьераси кутилмоқда.

Кинематография агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган мазкур кинокартинада адашиб Сурияга кетган аёлнинг аянчли тақдири, Ватанга қайтишдаги кечинмалари ҳикоя қилинади.

Адашган аёл – Сожида ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева ижро этган. Афсуски, бугунги тақдимотда актрисанинг ўзи иштирок эта олмайди. Боиси актриса айни пайтда Туркияда жарроҳлик операциясини бошидан ўтказмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб Раъно Шодиевага тезроқ тузалиб, яна сафга қайтишини тилаб қоламиз.
Маълумот ўрнида: фильм режиссёри Дилмурод Масаидов. Шунингдек, фильмда Илҳом Бердиев, Матёқуб Матчоновлар ҳам қатнашган.
Дарвоқе, «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали «Аёл қисмати» бадиий фильми билан очилиши кутилмоқда.