Сирдарёда ўғил отасининг пулларини онлайн ўйинга сарфлаб юборди

47

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшовчи 2007 йилда туғилган 8-синф ўқувчиси С.Ф. отасининг пулларини онлайн ўйин учун сарфлаб юборди.

Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази маълум қилди.
Хабарда айтилишича, С.Ф. нинг ота-онаси ҳудудий ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, уларнинг фарзанди «PUBG» онлайн ўйини аккаунтини сотиб олиш учун банк карталаридан телеграм мессенжерида танишган номаълум шахсга 1 миллион сўмга яқин пулни ўтказиб бергани, аммо пулни олган шахс ёзишмаларни ўчириб ташлаб, аккаунтни бермаганини айтиб, пулларни қайтаришда ёрдам сўрашган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштирган шахслар Андижон вилояти Андижон шаҳрида яшовчи, 2006 йилда туғилган М.У. ва Э.Ҳ. биргаликда амалга оширганликлари аниқланган.
М.У. ва Э.Ҳ. вояга етмаган фуқароларга ўйин аккаунтини сотишни таклиф қилиб ўтказиб берилган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, бир қанча фирибгарлик жиноятларини амалга оширганликлари маълум бўлди.

М.У. ва Э.Ҳ.га нисбатан ЎзР ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.