Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашига
pm/gov/uz орқали Музработ туманининг «Нурли ҳаёт» маҳалласида яшовчи Айновар Холиқова, Гулчеҳра Ҳалимова ва Фароғат Тоғаевадан мурожаат келиб тушди.
Унда мурожаатчиларнинг пенсия ёшига етгани сабабли улар билан тузилган меҳнат шартномалари иш берувчи томонидан бекор қилингани баён этилиб, ишга тикланишларида ёрдам сўралганди. Мен ушбу можарони ваколатим доирасида атрофлича ўргандим.
Аниқландики, Айновар Холиқова ва Гулчеҳра Ҳалимова ҳозир 54, Фароғат Тоғаева эса 58 ёшда. Улар узоқ йиллар тумандаги 44-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси вазифасини бажариб келишган. Аммо иш берувчи Фароғат Тоғаева ва Гулчеҳра Ҳалимовани 2022 йил 31 майда, Айновар Холиқовани 1 июнда пенсия ёшига тўлгани ва ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлгани сабабли улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ёзма равишда огоҳлантирган. Белгиланган муддат тугагач, бу ҳужжатларни Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига асосан, 1 августдан эътиборан бекор қилиш тўғрисида буйруқ имзолаган. Ана шу жараёнда бир қатор хатоларга йўл қўйилган.
Биринчидан, Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 1-бандига биноан, 2019 йил 1 майдан бошлаб аёлларнинг пенсия ёшига тўлгани ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келгани сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномаси муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланган.
Иккинчидан, Меҳнат кодексининг 1-моддаси 3-қисми талабига кўра, мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда, шунингдек, айрим фуқаролар ихтиёрида шартнома (контракт) бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари шу хусусдаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади. Меҳнат муносабатларига тааллуқли бошқа қонун ҳужжатлари деганда эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциямиз ҳамда қонунларимизга мувофиқ қабул қилинган фармон ва қарорлари, меҳнат муносабатларини тартибга соладиган ҳуқуқий нормалар тушунилади. Давлатимиз раҳбари 2022 йил 7 мартда имзолаган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг 1-иловаси асосида 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришдан иборатдир.
Биз ўрганган ҳолатда эса, иш берувчи уч нафар ходим билан меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилишдан олдин муассаса бошланғич касаба уюшма қўмитасининг розилигини олмаган. Оқибатда Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-банди, 102- ва 101-моддалари риоя қилинмаган. Бу ҳақда унга кўрсатма юборилди. Бироқ кўрсатмани бажаришни рад этгач, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига ноқонуний буйруқни бекор қилиш, ходимларни ишга тиклаш, ойлик иш ҳақлари ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида даъво ариза киритилди. Суд ўтган йил 10 ноябрда даъво талабларини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарди. У жавобгар томонидан бажарилди.
Шундай қилиб, вазифаларидан ноҳақ бўшатилган муаллималар ишга тикландилар. Шунинг баробарида Гулчеҳра Ҳалимовага жами 10 176 580 сўм, Фароғат Тоғаевага 11 547 923 сўм, Айновар Холиқовага 12 519 546 сўм миқдоридаги ойлик иш ҳақлари ва маънавий зарарлар ундириб берилди.
Зариф ХОЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерациясининг
Сурхондарё вилояти кенгаши
меҳнат ҳуқуқ инспектори



