2023 йил 10 январь, сешанба. Шу куни Тошкентда оппоқ тонг отди. Қалин ёққан қор кўнгилларга ором берди.
Ажиб гашт, ажиб сурур. Болажонлар суюниб қор кечишди, қор ўйнашди. Сирпанса ҳам, йиқилса ҳам шоду шодмон бўлиб, қувнашди, яйрашди. Қанчалар интиқ кутилган қор! Қачонлардан бери соғинтирган сувли қор!..
Қорли манзараларга термултирган хаёл мени беихтиёр қишлоққа, болаликка бошлаб кетди…
Бундан 50-60 йиллар бурун айнан шу дамларда аксар болалар томдаги, йўлдаги ёки йўлакдаги қорни курарди. Совуқдан қизарган қўллар уҳ-уҳлаб иситилар, оёқлар гурс-гурс ер тепилиб, ёзилар эди. Сўнгра апил-тапил мактабга шошилар ва синфга кирилгач, хонани илитиб турган кўмир печ атрофидан талашиб, жой олинарди.
У пайтларда қор кўп ёғарди. Катта-катта, бўлиқ қор ёғарди.
Мактабдан кейин музда училар, уст-бош жиққа ҳўл бўлиб уйга борилар, уйда эса «тарбиявий соат» бошланарди. Аммо эртаси куни яна ҳеч нарса кўрмагандай, эшитмагандай ўша ҳолат такрорланаверарди. Йўқ, болалар бебошлик қилмасди, улар болалик қилишарди. Қизиқ, ўша вақтларда ҳеч ким шамолламас, касаллиги сабабли мактабга келолмайдиганлар йўқ ҳисоби эди.
* * *
Ер ҳам, эл ҳам қорни соғинади. Боболаримиз қорни кўрпага менгзашар эди. Ҳар фаслнинг ўз зийнати бор. «Қиш қишлигини, эр эрлигини қилсин», деб бекор айтилмаган.
Илгари қаттиқ қишлар кўп бўларди. Улардан бири адашмасам, 1969 йилги қиш. Ўшанда анча чўзилган. Қорнинг қалинлиги 40-50 сантиметрдан кам бўлмаган. Суякдан ўтадиган совуқ бўлган. Очликдан тоғдаги ёввойи жониворлар қишлоқларгача эниб келган…
Ўшанда Тошкентдаги Низомий номли педагогика институтининг биринчи курсида ўқирдим. Қаҳратон қишни кўра-била туриб, ҳамқишлоғим, шу институтнинг учинчи курс талабаси Эргаш Арслонов билан қишлоққа йўл олиб, поездга чиқдик.
Умумий вагонда кетиб, тонг саҳар Навоийда тушдик. Қор тизза бўйи экан. Осмон ёришган эса-да, кўчада ҳеч ким кўринмайди. Ҳаракат бошланишини кутиб, йўловчиларга мўлжалланган залда тиришибгина ўтирдик. У пайтлар туман маркази Нуротага автобус қатнамас эди. Амал-тақал қилиб, Қалқонотага келганимизда, иккаламиз ҳам совуқдан дириллай бошладик. Қирра бурун, шоп мўйловли чойхоначи аҳволимизни кўриб, койигандан койиб, ичкарига киритди. Қўлларимиз исигач, оёқларимизни иситиш учун пойабзалларни ечдик ва оловга тутдик.
Бироз исиниб олгач, қоринни ҳам «қаппайтирган» бўлдик ва машина пойлаш учун бийдай кўчага чиқдик. Умидимиз Ғозғондан мармартош, хўжаликларга ем ва почта ташийдиган машиналардан эди. Ем олиб келаётган машиналардан бирида хўжалик маркази Деҳибаландгача келдик. Ҳайдовчи насиҳат ва танбеҳ бериб хайрлашди, йўл ҳақини олмади.
Тушган жойимизда қор тизза бўйи экан. Пойабзалларимиз ичи қорга тўлиб, шу кўйи хўжалик гаражи қоровулхонасигача бордик. Бир уй одам соляркага мослаштирилган қўлбола печ атрофига тизилишиб, гурунглашиб ўтиришарди. Барчаси таниш. Ҳаммаси қишлоқлардан қатнаб ишловчи гараж ходимлари ва ишчилар эди. Улар ҳар куни йўлини қилиб, бирор уловда қишлоқларига қайтишар эди. Улар бизни илиқ кутиб олишди ва ҳолимизни кўриб, дарҳол иссиқ ўринлардан жой ва бир пиёладан қайноқ чой беришди.
Шу тариқа иккимиз ўн чоғлик ишчиларга қўшилиб, техникалар учун ёқилғи ташийдиган ЗИЛ машинаси устида осилиб кетадиган бўлдик. Йиқилиб кетмаслик учун юмалоқ цистернанинг музлаб ётган темир тутқичларидан маҳкам ушлаб кетиш керак. Қўлимизда бир тийинга арзимайдиган юпқагина қўлқоп. Ҳавонинг совуқлиги, машинанинг усти ноқулайлиги бир сари, намошом шамоли аъзойи баданимиздан ўтиб, тарашадек қотиб боряпмиз. Биздан ташқари, ҳамма белбоғлари билан оғиз, кўз ва қулоқларини танғиб, ўраб олган. Бизларда оддийгина шарф. Уларга тақлидан бойлаган бўлдик. Эни энига, бўйи бўйига етмай, шарфнинг оғзимизга теккан жойлари салда музлай бошлади. Йиқилиб кетмаслик учун ҳамма ўз-ўзи билан овора…
Неча соатлардир йўл юриб, Эскига келганимизда машина йўлдан чиқиб кетди. Чиқариб олингунча кўрганимизни кўрдик. 2-3 километрдан кейин машина кичик бир жарликка кириб, суяниб қолди. Айни шом. Кўп уринишди, аммо фойдаси бўлмади. Ҳайдовчи трактор ахтариб, қишлоққа тушиб кетди.
Биз, яъни етти киши пиёда йўлга тушдик. Қоронғу тушгач, чинакамига бўрон бошланди, йўлни кўриб бўлмайди. Ҳамроҳларимиз тусмоллаб йўл бошлаб боришаётир. Юзларимиз совуқдан ачишди. Чидай олмай тескарисига ҳам юриб кўрдик. Бўлмас экан, қадамда қоқилиб, йиқила бошладик. Эргаш акада ҳам, менда ҳам куч қолмаганди. Чунки оёғимиз айтган жойимизга тушмасди. Қорин очлиги, устимиз юпқалиги, пойабзалимиз ивигани таъсир ўтказа бошлаганди. Буни сезган ҳамроҳларимиздан бири – оқтепалик Тўлқин ака Мусаев уйига бошлади. Қишлоғимиз билан Оқтепа ораси олти километр, бу масофани босиб ўтишга мадоримиз қолмагани учун у кишининг ортидан жон деб эргашдик.
Тўлқин аканинг кўпни кўрган онаси бир муддат қўлларимиз ва юзларимизни қор билан ишқалашга мажбурлаб, кузатиб турди. Сўнгра уйига киритди. Иссиқ уй, таом ва чойдан баҳра олиб, бўшаша бошладик. Қалингина солинган кўрпа-тўшакка киргач, оёқларимиз вижирлаб, тирноқларимиз ости ачишаётганини сездик…
Эрталаб ташқарига чиқиб, ҳушимиз учди. Ўру чуқур бирдек теп-текис эди. Тунда бўрон бўлган экан. Қорнинг қалинлиги тиззадан юқори эди.
Қишлоққа Т-28 маркали трактор аравасига «илиниб» кириб бордик. Ота-онамиздан роса гап эшитдик. Оқ тоққа яқинлигимиздан бўлса керак, қишлоғимиз манзараси Сибирь қишига монанд эди…
Шундан кейин каникулгача қишлоққа бормадик. Ёзда келсак… Ана манзара-ю, мана манзара. Сойларда ҳар қадамда булоқ. Жилға ва ариқлар сувга тўла. Ғалла, ўт-ўлан белдан келади. Яйловларда юрган қўй ва моллар бўрдоқига боқилгандек семиз. Сут, сариёғ сероб. Мева ва сабзавотлар ғарқ пишган. Тўкинчилик…
* * *
Азизлар, бу ёққан қорда неклик нишони бор. Совуқлар ўткинчи, музлар кўчкинчидир.
Илоҳим, баҳор фасли яшнаб, барака бошлаб келсин!
Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси



